Ҳокимнинг «Ғиждувон шашлиги» ҳақидаги сўзларига изоҳ берилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Шерзод Ашуров энди кимдир Ғиждувон шашликларини пишириб, сотмоқчи бўлса, Ғиждувон тумани ҳокимлигидан сўраб, тўловини тўлаши кераклигини талаб қилгани ҳақида видеолавҳа тарқалганди.
«Мана Ҳиндистон Ойга ўзининг космик кемасини жўнатди. Мен кеча айтдим: биз ғиждувонликлар албатта Ойга етиб борамиз. Ўша ерда Ғиждувон шашликларини пиширамиз», — дейди ҳоким.
Ғиждувон тумани ҳокими матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, республика пойтахти ва қатор вилоятларда «Ғиждувон шашлиги» баннерли рекламлари остида кабоблар пиширилади.
«Ҳамма жойда ҳам ғиждувонча шашлик маромига етказиб пиширилмайди. Ва бу ўз-ўзидан Ғиждувон шашлиги машҳурлигига зиён етказиши мумкин. Шу боис, туман ҳокими ғиждувонча шашликни бренд даражасига кўтариш учун шундай муносабат билдирган. Ва бу борада чора-тадбирлар белгиланади», дея изоҳлайди матбуот котиби.
Ўз навбатида, Адлия вазирлиги Ғиждувон ҳокимининг сўзларини рад этди.
Бухоро вилояти адлия бошқармаси 24 август куни «ҒИЖДУВОН ШАШЛИК»ни географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказди.
Адлия вазирлигининг маълумот беришича, «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилади.
Бухорода биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи Ғиждувон туман ҳокимлигига топширилди.
Туман ҳокими Шерзод Ашуров энди бошқа ҳудудлардаги кабобчилар Ғиждувон кабобини сотиш учун туман ҳокимлиги рухсатини олиши кераклигини маълум қилди.
Бироқ Адлия вазирлиги буни рад этди.
«Муайян товарнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбуриятларни юкламайди», — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter