Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким ободонлаштириш бошқармаси аёллари учун байрам уюштирди

Ҳоким ободонлаштириш бошқармаси аёллари учун байрам уюштирди

Фото: Xabar.uz

«Ҳали қуёш кўтарилмай туриб, тонг саҳарда ўзим яшаб турган ётоқхона подъездини супириб-тозалаб қўйиш учун хонам эшигини очишим ҳамоно бир дона гул ва откритка тушиб кетди. Кимдир адашиб, менинг эшигимга илиб кетган, шекилли, деб ўйладим. Шундай бўлса-да, қизиқишларим устун келиб, откриткани очдим. Не кўз билан кўрайки, унда менинг исми-шарифим ёзилган ва Бухоро шаҳар ҳокими номидан мен 8-март хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрамга таклиф этилган эканман.

Аввалига кўзларимга ишонмадим. Таклифномани қайта-қайта ўқидим, йиғлаб юбордим... Мана, кўриб турганингиздек, шоҳона ресторанда, байрам дастурхони атрофидаман», — кўзларида ёш билан тўлқинланиб сўзлади Шаҳноза Бобоева «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда.


Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан аёллар ва қизларни шарафлаб ёзилган дастурхон атрофида бу гал раҳбар аёллару, фан, спорт, адабиёт ва бошқа соҳаларда ютуққа эришган хотин-қизлар жамул-жам бўлмаган. Бу гал байрам тантаналари Ободонлаштириш бошқармасида фаолият олиб бораётган 600 нафардан зиёд хотин-қизлар иштироки таъминланган.

Тантана қатнашчиларини қутлуғ шодиёна билан самимий қутлаган Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров бу соҳа вакилларининг сабр-матонати ва фидокорлиги эҳтиромга муносиблигини билдирган.

«8 Март —  ҳар куни тонг саҳардан кўзгу олдида фақат ўзига чиройли қараган аёлларнинггина эмас, гектарлаб далада тер тўкаётган, кўчаларни ойнадек тоза қилиб, ён атрофни гулзору боғга айлантираётган хотин-қизларники ҳам эканини унутмайлик. Биз, қандай касб, қандай лавозимда фаолият кўрсатмайлик, борар йўлларимиз ҳам, кирар эшикларимиз ҳам айнан шу аёлларнинг заҳматли меҳнати билан файзиёб, тоза ва чиройли. Ҳар кунимизда кўраётганимиз атрофимиздаги жамики  гўзалликлар, озодаликлар мана шундай аёлларнинг фазилати учун. Улардан умрбод қарздормиз» — деди шаҳар ҳокими.


Айниқса, улар ўртасида ўтказилган «Балли, қизлар!» кўрик-танлови байрамнинг янада қизғин кайфиятда ўтишини таъминлаган. Иштирокчилар тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, болалар ҳамширалиги, санъатга қизиқишларини намойиш этишган.

«37 ёшдаман. Ишонасизми, бундай тадбирларда биринчи марта иштирок этаяпман. Тирикчилик одамни не кўйларга солар экан. Мана, иккинчи йилдирки, фаррошлик қиламан. Боламни боқаяпман. Бировдан кам бўлмаслиги учун меҳнатнинг оқу-қорасини танламадим. «Фаррош» дея камситилган пайтларим ҳам кўп бўлган. Бироқ, шаҳар ҳокимининг биз билан тез-тез учрашиб, ҳолимиздан хабар олиб туриши, рўзғорларимизга кўмаклашаётгани ишчанлигимизни оширган. Ҳатто, машинада кетаётган бўлса ҳам, эринмай тушиб, «ҳорманглар» деб қўйишни канда қилмайди.  Бу бизга далда бераяпти. Бугун кўзгу қаршисида ўтириб, тўғриси, ўзимни таний олмай қолдим. Бошқа аёллар қатори аёл эканимни ҳис қилдим. Ҳаммаси учун раҳмат!» — деди Наргиза Эшова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг