Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳоким кетди, аҳоли эса муаммолар гирдобида қолди...»

«Ҳоким кетди, аҳоли эса муаммолар гирдобида қолди...»

Аҳоли масъул ташкилотларга ўз этирозини билдириб келмоқда.

Сирдарё вилояти Боёвут тумани «Ғалаба» маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан «Xabar.uz» таҳририятига мурожаат келиб тушди.

Унда қайд этилишича, экинга яроқли ерларда, қолаверса, аҳоли яшаш жойига яқин бўлган ҳудудда халқнинг эътирозига қарамай, Боёвут туманининг аввалги ҳокими Ўлмасжон Мамадаминов балиқчилик кўли очиш учун тадбиркорларга қарор чиқариб берган. Энди эса ўша ҳоким бошқа лавозимга ўтиб, шу ерда яшовчи аҳолини муаммолар гирдобида қолдириб кетган.

«Собиқ ҳоким эндиликда вилоятда бошқа лавозимда (ҳеч нарса бўлмагандай!) ўз фаолиятини давом этирмоқда. У қарор чиқариб берган тадбиркор эса 3-4та иш ўрни яратаман деб  58 гектар унумдор ерни кўлга айлантириш ишларини бошлаб юборган. Ваҳоланки, бу ер ҳозирги оғир пандемия даврида маҳалламизда ишсиз юрган ёшларга 20 ёки 30 сотихдан бўлиб берилса, 300 та иш ўрин яратса бўлади. Энди айтинг: 3 ёки 4 та иш ўрни қайдаю 300 та иш ўрни қаерда?! Қарор қандай чиқарилгани бизга қоронғу, чунки гап унумдорлиги юқори бўлган катта ер ҳақида кетмоқда. Тақдим этилаётган фотоларда ернинг қаровсиз ётганига қараб баҳо берманг, чунки бир неча йилдан бери бу майдон эгаллаб олиниб, экин экилмаётгани учун шу ҳолга келган. Ўз хонасидан чиқмасдан, ернинг қандайлиги билмасдан қарор чиқариб берган собиқ ҳоким сингари раҳбарлар буни билишса ҳам билмаганликка олишар балки.

Ҳозирги ҳоким опамиз ҳам аҳоли шунча эътироз билдирса ҳам ҳолатни эътиборсиз қолдирмоқда. Бу «лойиҳа»нинг аҳоли томорқаларига жиддий зарарларини айтмаса ҳам бўлаверади. Катта ҳовуз очилса, қишлоқ аҳлининг томорқаларини суғориш муаммога айланади, чунки сув ўша кўлга йўналтирилади. Бундан ташқари, яна ер ости сувлари кўтарилишига сабаб бўлади. Иссиқ кунларда сув буғланиб, ёши катта инсонларнинг нафас олишига салбий таъсир кўрсатади. Буни суви оқмайдиган кўл ёнида яшайдиган одамлар жуда яхши билади.

Яна эътибор беринг, экинга яроқли ерлар дейилмоқда, ваҳоланки мамлакатда экин ерларига ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар бузилиб, давлат ихтиёрига қайтарилаётган бир вақтда, бизда эса бу ишлар давом этмоқда.

Балиқчилик хўжаликлари ташкил этилишига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, аксинча, кўпайиши тарафдоримиз. Фақат аҳоли яшаш жойидан камида 2-3 километр узоқликда бўлган, экинга яроқсиз ерларда ташкил қилинса.... Қолаверса, ерни суғоришга ишлатиладиган оқова сув эмас, ташлама сувдан фойдаланилсин. Чунки ҳозирда деҳқончилик учун сув етмай турган бир пайтда, булар каналнинг олдига бутунлигича дамба қўйиб, сувни кўлларига буриб олмоқда. Жабрдийда яна одий халқ. Қани бу ерда ҳақиқат?

Шуларни ҳаммасидан туман ҳокимининг ҳам, сектор раҳбарларининг ҳам хабари бор. Лекин улар кўрмаганликка олишади. У ёғини сўрасангиз, ўша кўл эгаларининг оқова сув билан ҳам шартномаси борлигига шубҳамиз бор.

Ҳозирда борган сари маҳалламизнинг атрофи ким ўзарга бўлиб, кўлларни аҳоли яшаш жойлари ҳисобига кенгайтириб боришмоқда.  Қишлоғимизнинг атрофи уч томондан турли хил қўланса ҳид анқиб турувчи турли сув ҳавзалари билан ўралиб, ярим оролга айланмоқда. Устига устак, қабристонларда ер ости суви сатҳи кўтарилмоқда. Бу ҳолатларни уларга айтсак, кулимсираб «ўлгандан кейин нима фарқи бор, ерда ётди нима-ю сувда ётди нима?» деб мазах қилишади.

Раҳбарларнинг масофа 300 метр бўлса бўлди, деб қарор чиқариб бериши осон. Лекин тасаввур қилишсин, ўшалар ўз уйларидан 300 метр нарида чексиз суви оқмайдиган, пашша чивин йиғилиб турадиган, қўланса ҳидлар келиб турадиган жой бўлса, ўзлари яшармиди?» — дейилади мурожаатда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг