Ҳожатбарор
Дўхтир қабулидан чиққач, унинг гапини эслаб кулиб қўйдим. Энди кап-катта одам тонгда туриб, велосипед миниб юрса-я. Оёқ, қўл ва бел мускулларидаги оғриққа даво эмиш. Топган гапини қаранг. Уйга кириб келар эканман, ўғлимнинг велосипеди диққатимни тортди. «Йўқ, уни мина олмайман», — дедим ўзимга-ўзим. Лекин туни билан оғриқдан инграб чиқдим. Телевизорда реклама қилишаётган дори-дармонлар ҳам кор қилмаса, табибу хўжаларнинг куф-суфлари ҳам оғриқни аритмаса, нима қилишим керак!
—Дўхтир ҳам етти йил ўқиган, бир нарсани билмаса айтадими? – деди аёлим. – Эрта тонгда велосипедни миниб, қўшни қишлоққа бориб келинг, нима қипти, билганлар спорт билан шуғулланаяпти дейди.
— Билмаганлар-чи? — дейман унга.
— Билмаганлар, энди, шу машинаси бору бензинни тежаб юрибди дейди-да.
— Оғриқ роса забтига олаяпти, кел, шу велосипедни минсам минай, — дея уловнинг рулини тутдим. Кейин секин дарвозадан чиқиб кетаётгандим, аёлим тўхтатди.
— Шундоқ ҳам қўшни қишлоққа борасиз, баҳонада манови баклашкадаги сутни синглингизникига бериб келинг, «боламнинг мазаси йўқ» деган эди...
— Энди кап-катта одам сут кўтариб юраманми?
— Нима қипти, елим халтачага солиб бераман, велосипед рулига илиб оласиз, шуям муаммоми?
— Кўндирдинг, ил сутни, майли, олиб бораман, — дедиму йўлга отландим.
Дастлаб велосипед педалини боссам тиззаларим зирқиллади, белим, қўлим шундай лўқ-лўқ қилиб оғридики, бир хаёлим ортга қайтмоқчи ҳам бўлдим. Қайтсам, сут нима бўлади, аёлим синглимга «сотка»дан аллақачон бораётганимни етказиб бўлган. Шунинг учун қанчалик қийин бўлса-да, йўлимда давом этдим. Машинада билинмас экан, қўшни қишлоқ велосипедда анча йўл экан. Роса тер тўкишга тўғри келди. Пишнаб қолдим, юзимни совуқ тер босди. Аммо ортга қайтмадим. Манзилга эса етай демасдим. Ўзи «Спорт» каналида велопойгани кўрганимда ортда қолганларнинг устидан кулардим. Агар мен ҳам улар сафида бўлсам... Шу хаёлга борганимда ўзимдан-ўзим уялиб кетдим.
Ниҳоят беш километрлик масофани ўғлимнинг эски велосипедида босиб ўтишга муваффақ бўлдим. Синглим кутиб турган экан.
— Ака, жуда қийналибсиз, бунинг устига велосипед ҳам эски экан, — дея мени бағрига босди.
— Ўғлинг яхшими, тезроқ бу сутни ичир, — дедим ўзимни катта ишни дўндиргандай тутиб.
— Ака, — деди синглим қўлидаги тугунни тутқазиб, — манови қанд-қурсни янгамга бериб қўясиз, тонгда туриб нон ёпувдим, иккитагина ўраб солдим...
— Қўй, сутни сенга шуларни беради деб олиб келганим йўқ-ку, — дея сал жаҳлим чиқди. Энди тонг оқара бошлаганда қишлоққа тугун кўтариб боришга уялаётган эдим-да.
— Акажон, халқимизда манзират деган улуғ қадриятлар бор, — дея у менга тушунтира бошлади. – Қолаверса «ол товоғим, бер товоғим» деган мақол ҳам бор.
Шу тариқа велосипед рулига тугунни осиб, ортга равона бўлдим. «Велосипед ҳайдаганим шу бўлсин» дея пишнаб уйга кириб келдим.
— Мана олиб қўй, «ол товоғим, бер товоғим» деганларидай, — зарда қилдим аёлимга. – Велосипедга оёғимни оширганим шу бўлсин!
Ишга машинамда кетдим. Бир зумда манзилга етасиз, «автомобилни чиқарганларнинг отасига раҳмат» деб қўйдим ичимда. Кечқурун ишдан ҳориб келиб, ухлаб қолибман. Тунда безовта бўлмадим. Эрталаб енгил уйғондим. Ўзимга ўзим «Ия, бу бел, қўл, оёқ оғриғи тунда безовта қилмади-ку. Бу дейман, дўхтирнинг гапи рост чиқаяпти, велосипед деганлари аптекадаги дори-дармону телевизорнинг рекламаларидан ҳам зўр экан. Буниям ўйлаб топганларга раҳмат», — дея велосипедга яқинлашдим. Дарвоза ёнида қўшни кампир кутиб ўтирган экан. Онахоннинг қўлида катта бир тугун. Мени кўриб, ўрнидан турди:
— Шу дейман, сен ҳар куни қўшни қишлоққа бориб келар экансан, мана шу егуликларни қизимникига бериб ўт, илтимос. Шу куёвим ҳеч одам бўлмади-да. Ичгани ичган. Рўзғорини ўйламайди. Қизим бояқиш уч боласини боқишга қийналаяпти. Бунинг устига гўрда чиригур куёвим қизимни уради, болалар нафақасини тортиб олади.
Кампирнинг қизига раҳмим келди. Анча оғир тугунни велосипед багажига жойладим. Энди кетаман деб турганимда бир отахон тўхтатди:
— Қўшни қишлоққа бораяпсан-а, ўғлим Шокиржонга бир қарз гапни айтиб қўй, онаси касал бўлиб ётибди, сира қорасини кўрсатмайди. Илтимос, шу гапни етказиб қўй, барака топ, болам...
Велосипедни ҳайдаб бораяпману ўзимни почтачига қиёслайман. Ҳозир кампирнинг қизига озиқ-овқатни бераман, чолнинг Шокир деган ўғлини топиб, онаси касал эканини етказаман ва ортга қайтаман. Ўзим эса жуда хурсанд эдим. Оғриқларим босилган, велосипедни худди ўша велопойгачилар каби шиддат билан ҳайдаётган эдим. Қўшни қишлоқда мени ажабтовур савдолар кутиб турганини ҳали билмасдим. Юмушларни уддалаб, велосипедни ортга бурганимда рулини бир йигит ушлади:
— Ҳожатбарор одам экансиз, раҳмат сизга, қишлоғингиздаги Манзура момони танийсиз, тўғрими?
— Танийман.
— Онахонга «ўғлингиз айтди» десангиз, пенсиясини бериб юборади. Пенсияни бугун олади, эртага тонгда менга етказсангиз, илтимос сиздан. Яхшилик ерда қолмайди. Ҳа, айтмоқчи, ўзим борсам бўлади, лекин юзим чидамайди-да. Биласиз, онамдан пул сўрашга уяламан. Сизнинг йўриғингиз бошқа. Келишдикми?
Бу йигит гапларини эшитгунимча велосипед рули, багажи юк билан тўлибди. Уни юклаганлар «бораверинг, ўзлари уйингиздан олиб кетишади» дея қўл силкиб қолишди. Шу тариқа икки қишлоқ ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириб турадиган ҳожатбарорга айландим. Нима қипти, яхшиликнинг катта-кичиги йўқ-ку. Муҳими, оёқ, қўл ва бел оғриғидан халос бўлиб, ўзимни бардам сеза бошладим.
Фахриддин Бозоров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter