Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Ҳайқириқ ва намойишларга бой бўлган 2022. Ортда қолган йил воқеалари

Ҳайқириқ ва намойишларга бой бўлган 2022. Ортда қолган йил воқеалари

Инсон бошига тушиши мумкин бўлган энг оғир йўқотиш вақтни бой беришдир! Яқиндагина инсоният 2022 йилни хурсандчилик, янги мақсадлар ва оптимизм хисси билан кутиб олган эди. Аммо, инсоният ўзини олдинда нима кутиб турганини билишга қодир эмас.

Минг афсуслар бўлсинки, бу йилда Россия ва Украина муносабатларидаги энг оғир ва даҳшатли сценарий юз берди. 2022 йилда бутун дунё мамлакатларининг нигоҳи Украина ва Россия ўртасидаги урушга қаратилди. Дунё оммавий ахборот воситалари икки давлат ўртасида юз бераётган воқеаларни ёритиб барчамизни ушбу янгиликларга занжирбанд қилди. Шунга қарамай 2022 йил унутилмас воқеа ва ҳодисаларга бой бўлди. Турли офатлар, синовлар ва хурсандчиликларнинг салбий оқибатлари одамлар ва давлатлар тақдирига таъсир кўрсатди.

Ушбу мақоламизда 2022 йилнинг 12 ойи давомида содир бўлган энг қизиқарли, ғаройиб, кенг омманинг эътиборини тортган, босма ва электрон наршларнинг биринчи  саҳифасини банд этган, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган, эҳтимол тарих зарварақларига муҳрланиб қолган воқеаларни эслаб ўтамиз. 2022 йил якунларини сарҳисоб қилиб, унинг энг муҳим воқеа ва ҳодисаларига назар ташлаймиз.

Қозоғистондаги январь воқеалари

Янги йил байрам кайфияти одамларни ҳали тарк этиб улгурмасидан, аниқроғи, 2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти аҳолиси суюлтирилган газ нархининг ошиши ортидан бош кўтарди. Қисқа вақт ичида намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Бу воқеалар бутун дунёда катта резонанс уйғотди. Намойишлар ортидан 2019 йилнинг мартида ўз ихтиёрига кўра ҳокимиятдан кетган, лекин Элбоши бўлиб қолган, қолаверса, Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди. Шаҳар марказларидаги Назарбоевнинг ҳайкаллари намойишчилар томонидан ағдариб ташланди.

Айрим сиёсатчилар бу воқеаларни Ғарб уюштирган деди. Бошқалар эса Қозоғистон фожиаси Назарбоев раҳбар икки бошлилик сиёсати оқибати экани ва бу аввалдан башорат қилинганини айтди.

5 январдан 6 январга ўтар кечаси Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ – КХШТ)дан ёрдам сўради. Бунга жавобан ташкилот Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни киритди. 13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон мудофаа вазирлиги республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини маълум қилди. 27 январь куни Тўқаев мамлакатда вазият барқарорлашгани ҳақида баёнот берди. Қозоғистон бош прокуратураси берган маълумотларига қараганда, январь воқеаларида 238 киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистондаги блэкаут

Қўшни Қозоғистондаги воқеалар тугаши фонида, аниқроғи 25 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида бутун Ўзбекистонда электр энергияси ўчди. Кейинроқ, Қозоғистон Республикаси электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида электр энергияси узилиб қолгани маълум бўлди. Бунинг ортидан поезд ва метролар ўз манзилига етиб бора олмай, йўлда қолиб кетди. Тунда шаҳарларни қоронғулик чулғаб олди.

Ўзбекистон энергетика тизимидаги узилиш сабаби 25 январь куни Нур-Султон вақти билан соат 11:59 да «Сирдарё» ИЭСни 500 кВ кучланишли  «Тошкент» подстанцияси билан боғловчи тугунда қисқа туташув содир бўлган.

Қисқа туташув натижасида 1 ва 2-500 кВ шина тизимларининг дифференциал ҳимоясининг ҳаддан ташқари ишлаши «Сирдарё» ИЭСда ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада қисқаришига, электр станциясига туташган электр тармоғида бир неча марта узилишларга сабаб бўлган ва Қозоғистон Ягона электроэнергия тизимининг 500 кВ Шимолий-Шарқий-Жанубий транзитлари учун 2100 МВт қўшимча босим юзага келтирган. Бу эса белгиланган меъёрдан 7 баравар кўп эди.

27 январь куни Ўзбекистон энергетика вазирлиги барча ҳудудларда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилди.

SpaceX сунъий йўлдошининг йўқолиши

АҚШнинг SpaceX хусусий аэрокосмик компанияси 3 февраль куни орбитага чиқарилган 49 та Starlink интернет сунъий йўлдошидан тахминан 40 тасини геомагнит бўрони натижасида йўқотди.

Компаниянинг таъкидлашича, бўрон туфайли ҳаво қаршилиги аввалги учирилишларга қараганда 50 фоизга кучлироқ бўлган. Мутахассислар қаршиликни камайтириш учун мини-сунъий йўлдошларни хавфсиз тартибга ўтказишга қарор қилган, аммо бу чоралар ёрдам бермаган.

Дунёни титратган уруш

Январь ойининг сўнгги кунларида дунёда уруш шамоли эса бошлади. 2022 йилнинг бошида Россия ўз армиясини бир неча маротаба Украина чегарасига олиб келди. Шундан сўнг, жаҳондаги катта нашрлар Россиянинг Украинага бўлажак ҳарбий ҳужуми ҳақида бонг ура бошлади. Россия эса бу маълумотларни Ғарбнинг пропагандаси деб баҳолаб, Украинага ҳужум қилишини инкор қилди. 12 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден разведка маълумотларига таянган холда, Россиянинг Украинага тахминий ҳарбий босқини 16 февраль куни бошланишини айтди. Бироқ 16 февраль куни босқин юз бермади. Лекин АҚШ президенти яқин бир неча кун ичида Россия Украинага ҳужум қилишини таъкидлади.

21 февраль куни Россия ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олди. 23 февраль куни Донецк ва Луганск республикалари раҳбарлари Путинга мурожаат қилиб, уларни Украина томонида қилинаётган геноциддан ҳимоя қилишни сўради.

24 февраль куни эрталаб Россия Президент Владимир Путин халққа мурожаат қилиб, «Украина шарқидаги Донбассда махсус ҳарбий операция» бошланганини маълум қилди. Шундай қилиб, Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланди. Шу вақтгача Россия ўзини тинчликсевар давлат эканлигини иддао қилиб, барчани Украинага ҳужум қилмасликга ишонтирган эди. Аммо, буларнинг барчаси қуруқ ёлғон бўлиб чиқди.

Россия армияси Харков, Суми ва Чернигов вилоятларига, Беларус ҳудуди орқали эса Чернобыль вилоятига кириб келди. Россия аннексия қилинган Қримдан Херсон ва Мелитополга қўшин юборди. Бир қатор мамлакатларда одамлар Украинани қўллаш учун кўчаларга чиқди. Уларнинг қўлида «урушни тўхтатинг», деган шиор бор эди.

Россия ҳукумати Украинага ҳужумни уруш эмаслигини таъкидлади. Бу Украинани делимитация ва денацификация қилишга қаратилган махсус операция! Миллионлаб инсонлар ва гўдакларни чирқиратган махсус операция эди!

Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан Европа ва АҚШ Россияга нисбатан турли санкциялар эълон қилди. Бу санкциялар Россия иқтисоди, раҳбарияти, қатор компаниялар, йирик олигархларга нисбатан татбиқ этилди. Лекин шунга қарамай Россия иқтисоди ҳамон барқарор эканлигини кўрсатмоқда.

Украина пойтахти Киевни эгаллашга бўлган ҳаракат Россия армиясининг мағлубияти ва ортга чекиниши билан якунланди. Шундан сўнг Россия бор эътиборни Донецк ва Луганск вилоятларига қаратди. Сентябрь ва август ойларида Украина қўшинлари аста-секин фронтдаги ҳолатни ўз фойдасига ҳал қила бошлади. Албатта, бунда Ғарб томонидан келтирилган қуроллар муҳим аҳамият касб этди.

Украинанинг муваффақиятларидан кейин Москва уруш стратегиясини мутлақо ўзгартирди. 21 сентябрь куни Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди. Давлат раҳбарининг баёноти ортидан Россиянинг кўплаб шаҳарларида норозилик намойишлари кўтарилди. Чунки бир неча ой олдин Путин Украинадаги махсус операцияда захирасидаги аскарлар қатнашмаслигига ваъда берганди. Сафарбарлик эълон қилингач, минглаб Россия фуқаролари мамлакатни тарк эта бошлади. Урушни бой бераётган Кремль шошилинч равишда Донецк ва Луганск Халқ Республикаларини ҳамда Херсон ва Запароже ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олди. Бу билан Россия босқинчилик уруши «ватан уруши»га айлантирди. Шундан сўнг Владимир Путин мамлакат ҳудудий яхлитлиги жумладан, янги қўшиб олинган вилоятларни ҳимоя қилишга, ҳатто, бунинг учун ядро қуролидан фойдаланишга тайёр эканлигини билдирди.

Нэнси Пелосининг низо чиқарган Осиё сафари

Ёз фаслининг сўнгги ойида дунё сиёсатида турли зиддиятлар авж олди. 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрди. Бу эса Пекиннинг кескин муносабатига сабаб бўлди ва Хитой бунга жавобан орол атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлади. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари «Ягона Хитой» тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммюникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.

5 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Японияни тарк этиб, Осиёга  сафарини якунлади.

Дунёни ларзага солган йўқотиш

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 2022 йил 8 сентябрда 96 ёшида Шотландиядаги Балморал қасрида вафот этди. Бу шунчаки бир монархнинг вафотигина эмас, балки бир даврнинг ҳам тугашини англатади. Негаки, Елизавета II дунёдаги энг узоқ вақт тахтда ўтирган монарх ҳисобланар эди.

Буюк Британия ва Британия Ҳамдўстлигининг 50 дан ортиқ давлатида қиролича Елизавета II вафоти муносабати билан ўн кунлик мотам бошланди.

10 сентябрь куни Елизавета II нинг тўнғич ўғли Чарльз Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироли деб эълон қилинди.

Эрондаги намойишлар

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойишда қатнашган аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесишни бошлади. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди. Шундан сўнг Эронда ахлоқ полицияси тугатилди.

Норвегияда жойлашган Эрон Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти 22 ёшли Маҳса Амини ўлими ортидан Эрон Ислом Республикасини қамраб олган оммавий намойишларда 458 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Сеулда 151 инсонни умрига зомин бўлган Хэллоуин

29 октябрь куни Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Хэллоуин байрамини нишонлаш вақтида юз берган тиқилинчда 151 киши ҳаётдан кўз юмди. Маълумотларга кўра, тиқилинч оқибатида 82 киши жароҳат олган, 151 киши вафот этди.

2022 йил одами

Ҳар йилги анъанага кўра, Американинг Time журнали 2022 йил одами танловида Украина президенти Владимир Зеленский ва «Украина руҳи»ни йил кишиси деб эълон қилди.

Бу йил Украина бошига улкан синов тушди. Россиянинг Украинага кутилмаган ҳужуми дунё мамлакатларини эсанкиратиб қўйди. Кўплаб таҳлилчилар бу вазиятда Украина президенти Владимир Зеленскийни Ғарбга қочиб кетади, деб ўйлади. Бироқ бундай бўлмади. Зеленский ракета ёмғири остида қолаётган халқини ташлаб қочмади. У халқини босқинчига қарши курашга даъват этиб, мамлакатнинг мустақиллигини сақлаб қолишда муҳим роль ўйнади. Журнал ўтган йили Илон Маскни шундай эътироф этганди.

Қатардаги мундиаль

20 ноябрь куни Қатарда навбатдаги фудбол бўйича Жаҳон чемпионати старт олди. Қатар ҳукумати чемпионат бошланишидан олдин турли хил дилни хира қиладиган воқеаларни олдини олиш учун турли чекловлар жорий қилди. Жаҳон чемпионати бошланишига икки кун қолганда стадионларда пиво сотишни тақиқланди. Қатарда Жаҳон чемпионатининг очилиш маросимини жуда ҳам ёрқин тарзда ташкил этилди.

Очилиш маросимида бир қатор футбол афсоналари иштирок этди. Стадионда маскотлар паради ўтказилди. Ушбу парадда олдинги мундиалларнинг қаҳрамонлари қатнашди.

Кейин эса маросимнинг асосий қаҳрамонларидан бири машҳур актёр Морган Фриман иштирокидаги спектакль бошланди. Сюжетга кўра, 85 ёшли актёр ҳикоячи ролини ўйнади. Маросимда қатарлик қори йигит Ғаним Муфаҳ Қуръони Карим оятларидан тиловат қилди. Муҳташам «Ал-Байт» стадионида Хужурот сураси 13-оят ўқилди. Морган Фриман миллионлар ўйини бўлмиш футбол бутун инсониятни бирлаштиришини айтди.

Бу галги футбол бўйича жаҳон чемпионати финал баҳсида Аргентина ва Франция тўқнаш келди. Финалнинг асосий ўйин вақтида 3:3 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида Аргентина Францияни мағлуб этди. Шу тариқа Аргентина мундиалда учинчи марта чемпионликни қўлга киритди.

Маълумотларга кўра, Қатардаги ЖЧ тарихдаги энг қиммат футбол мусобақасига айланди.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг