Ҳар дарднинг давоси бор. Америкада силга қарши янги дори яратилди
Нью-Йоркда жойлашган «TB Alliance» нодавлат ташкилоти олимлари силга қарши янги дори воситасини ишлаб чиқди. «Share America» портали хабарига кўра, АҚШнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) янги доридан фойдаланишга расман рухсат берди.
Ҳозирга қадар сил касаллигининг дориларга чидамли турига чалинган беморлар учун самарали даво воситаси жуда кам эди. «TB Alliance» нодавлат ташкилоти тадқиқотчилари яратган претоманид таблеткалари айнан оғир аҳволдаги беморлар жонига ора кирса ажаб эмас. Тажриба ва синовларга кўра, претоманид 90 фоиз ҳолатда силнинг оғир турларига чалинган беморларга ижобий таъсир кўрсатган. Эндиликда мазкур ҳапдорини бедаквилин ҳамда линезолид антибиотиклари билан биргаликда қўллаш мумкин бўлади.
Қайд этиш жоизки, АҚШнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сифатини назорат қилиш бошқармаси қатъий мезонлар асосида дори воситаларидан фойдаланишга рухсат беради. Сўнгги 40 йил ичида бошқарма силга қарши атиги учта дори воситасини маъқуллаган.
Янги ҳапдори тез фурсатда бошқа мамлакатларда ҳам сотувга чиқиши кутилмоқда. Одатда, FDA тасдиғидан ўтган дори-дармонга қисқа муддатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам «васиқа» беради.
Расмий маълумотларга қараганда, 2018 йилда дунё бўйича сил касалига чалинган 10 миллион киши рўйхатга олинган, 1,6 миллион бемор мазкур хасталикдан вафот этган.
Энг хатарли хасталиклардан бири саналган ОИВ (ОИТС) инфекциясининг ҳозирча давоси топилгани йўқ. Сил таёқчиларини юқтирган беморлар эса ўз вақтида даволанса, дарддан халос бўлади. Аммо шунга қарамай, бугунги кунда сил хасталигидан вафот этаётганлар сони ОИВ (ОИТС) инфекцияси туфайли ҳаёт билан видолашаётганлар сонидан кўпроқ.
ЖССТ хулосасига кўра, 120 дан ошиқ мамлакатда силнинг дориларга чидамли турлари тарқалган. Нью-Йорк олимлари яратган дори ана шундай беморларга мўлжалланган.
ЖССТ 2014 йилда силга қариш кураш бўйича махсус стратегия қабул қилган. Унга кўра, 2015-2035 йиллар оралиғида сил туфайли вафот этиш даражасини 95 фоиз, касалланишнинг янги ҳолатларини 90 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
БМТ Бош ассамблеяси 2018 йил сентябрда 2030 йилга қадар бутун дунёда сил эпидемиясига барҳам бериш бўйича баёнот қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 20 йилдан буён силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қўшма Штатлар агентлиги бу борадаги беш йиллик дастур доирасида 7,6 миллион доллар маблағ ажратган. Мазкур маблағ мамлакатдаги лабораторияларни янгилаш, ташхис ва даво усулларини такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш каби мақсадларда сарфланади.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter