Ҳамид Олимжон майдонидаги кўп қаватли уйларнинг таъмирланиши эътирозларни келтириб чиқарди
Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек тумани Ҳамид Олимжон майдонидаги кўп қаватли уйлар фасад қисмийнинг таъмирланиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди.
«Ҳамид Олимжон майдонидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар уйларни реконструкция қилиш бошланаётганини маълум қилди. Дастлабки лойиҳа юборилди. Ҳокимлик шаҳар учун тимсол бўлган ва таниқли биноларни ана шундай дидсиз шиша колхозга айлантирмоқчи», деб ёзади Эффект Макаренко телеграм канали.
Ушбу ҳолат бўйича Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
«Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини таъмирлаш, умуман олганда, биноларни шаҳарсозлик нормалари асосида таъмирлаш, замонавий кўринишга олиб келиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан Ҳамид Олимжон майдонидаги 18 ва 9 қаватли уйларнинг фасад қисмини таъмирлаш жараёнлари ҳам фуқароларнинг таклифи ва розилиги асосида босқичма-босқич ташкил этилади», дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, бугунги кунда пудратчи ташкилот томонидан фуқароларга тақдим этилган суратлар ва бинонинг қиёфаси тасдиқланмаган. Аммо пудратчи ташкилотларнинг камида 3та, ҳар-хил кўринишдаги тақдимотлари бўлиши таъкидланмоқда.
«Бундан ташқари, кўп қаватли уйларнинг юқори қисмида жойлашган ташқи безаклари эскирганлиги, табиий омиллар таъсирида нохуш ҳолатлар рўй бермаслиги ҳам инобатга олинган», дейилади ҳокимлик хабарида.
«Эффект Макаренко»нинг ёзишича, ушбу кўп қаватли уйларда яшовчилар ҳокимлик уларнинг фикрини инобатга олмоқда, деган сўзларини рад этишмоқда. Уларнинг фикрича, жараён аллақачон мажбурий шаклда бошланган:
«Улар бизга реконструкция лойиҳасини кўрсатмадилар ва муҳокама ҳам қилишгани йўқ. Фақат кондиционерлари бор хонадонларни аниқлаб, реконструкция вақтида уларни ечиб олишларини айтишди. Яъни бу ишлар тез орада амалга оширилишини айтишди. Ҳеч қандай муҳокама ёки савол-жавоблар бўлмади», — деган ушбу уйда яшовчилардан бири.
Макаренконинг қайд этишича, ушбу кўпқаватли уйлар аҳолиси эскирган лифтларни алмаштириш учун уч йилдан бери навбат кутиб туришганидан норози. Бунинг ўрнига расмийлар фасадни кераксиз реконструкция қилишни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter