«Ҳам виртуал, ҳам реал ҳаётда таҳдид» – ЕИ бош дипломати жаҳонда матбуот эркинлиги ҳолатини баҳолади
Оммавий ахборот воситалари эркинлиги, мустақиллиги ва плюрализм демократик жамиятнинг ўзак тамойили бўлса-да, дунёнинг кўплаб мамлакатларида матбуот эркинлиги тўлақонли таъминланмаётир. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррелнинг 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан берган баёнотида сўз боради.
«Журналистлар, ОАВ ходимлари ҳамда жамоатчиликка ишончли, мустақил ахборот бераётган, инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ва зулм-зўравонликни фош этиб, иқтидор эгаларини ҳисобга тутаётган барча инсонлар янада кўпроқ таҳқир, таҳдид, ҳужумларга, жумладан, дезинформация воситасидаги ҳамлаларга нишон бўлмоқда», – дейди ЕИ бош дипломати.
Қайд этилишича, Украина, Беларусь, Афғонистон, Филиппин, Россия каби мамлакатлар, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий Америка каби минтақаларда журналистлар жонини хатарга қўйиб фаолият юритмоқда. Хусусан, аёл журналистлар ҳам виртуал, ҳам реал ҳаётда таҳдид ва ҳамлаларга учрамоқда, нафрат, троллинг, зўравонлик ва қотиллик қурбонига айланмоқда.
«73 фоиз аёл журналистлар касбий фаолияти давомида интернет орқали таҳдид, нафрат ва номақбул муносабатни бошдан кечирган. Қамоққа олинган журналист аёллар сони мисли кўрилмаган даражага чиқди», – дея вазиятни хавотир билан баҳолайди Ж.Боррель.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 29-моддасида бундай дейилади: «Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади».
Олий вакил Ж.Боррель ушбу тамал моддани ёдга олар экан, ЕИ сўз ва матбуот эркинлиги, мустақил журналистларни ҳимоя қилишда собит эканини таъкидлаган. Бу борада ЕИ томонидан Ғарбий Болқонда «Журналистлар хавфсизлиги», Камбожада «Мустақил ОАВ ва асосий эркинликларни қўллаб-қувватлаш», Афғонистонда «ОАВ барқарорлиги» каби дастурлар амалга татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, ахборот манипуляциясининг олдини олишга қаратилган «ЕИ дезинформацияга қарши», «Рақамли ОАВни кузатиш бўйича Европа тизими» каби платформалар яратилган. ЕИнинг ОАВ эркинлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам шу йўлдаги муҳим қадам саналади.
«Матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш – сарҳад билмас универсал вазифадир. ЕИ бутун дунёда матбуот эркинлигини мустаҳкамлаш ва бу борадаги ташаббус кўрсатиш мақсадида ҳукуматлар, ОАВ ва фуқаролик жамияти намояндалари билан ҳам халқаро, ҳам маҳаллий даражада ҳамкорликни давом эттиради», – деб хулоса қилади ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили.
Аввал хабар берганимиздек, Ж.Боррель 2022 йилда сайёрамизда инсон ҳуқуқлари ҳолати кескин ёмонлашганини қайд этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигида ҳақ-ҳуқуқлар муҳофазаси йўлида қатъий чора-тадбирлар кўришга даъват қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни санаси 30 йилдан ошиқ тарихга эга. 1991 йили ЮНЕСКОнинг Виндҳук шаҳрида (Намибия) ташкил этилган анжуманида эркин ва мустақил матбуотни қўллаб-қувватлаш тўғрисида декларация қабул қилинган эди. БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан эса 3 май халқаро байрам деб белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter