Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёда матбуот эркинлиги бўйича вазият ёмонлашяпти – «Чегара билмас мухбирлар»

Дунёда матбуот эркинлиги бўйича вазият ёмонлашяпти – «Чегара билмас мухбирлар»

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти 2002 йилдан бери тузиб келаётган матбуот эркинлиги бўйича йиллик рейтингини эълон қилди. Мутахассисларнинг фикрича, 2025 йилда бу борада дунёдаги умумий вазият биринчи марта «қийин» даражасига тушиб кетди: барча мамлакатлар бўйича ўртача балл мумкин бўлган 100 баллдан 54,7 баллни ташкил этди.

«Рейтинг тарихида илк бор дунё мамлакатларининг ярмида журналистик фаолият учун шароитлар ёмонлашди ва ҳар тўртдан бирида қониқарли даражада деб топилди», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифлари бу жараёнда иқтисодий омилнинг алоҳида ролини қайд этишади.

«Хавфсизлик муҳитининг беқарорлиги ва авторитаризмнинг кучайиши билан бир қаторда, иқтисодий босим ҳам асосий сабабдир», — дейилади ҳисоботга илова қилинган пресс-релизда. Рейтинг тузувчилари таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб таҳририятлар тобора мустақиллик ва иқтисодий омон қолиш истаги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.

Ташкилот маълумотларига кўра, дунё давлатларининг деярли учдан бирида (АҚШ ва Аргентинада ҳам) ОАВлар «сурункали иқтисодий қийинчиликлар туфайли» ёпилмоқда. Ушбу тенденцияга таъсир қилган воқеалар орасида АҚШ ҳукуматининг «Америка Овози» ва «Озодлик» радиоси лойиҳаларини молиялаштиришни тўхтатгани, шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маблағларини музлатиб қўйгани таъкидланади. Бу эса ҳисоботда айтилишича, «юзлаб оммавий ахборот воситалари учун иқтисодий танглик яратиб, уларнинг баъзиларини ёпишга мажбур қилган».

Ҳисоботда қайд этилишича, 180 мамлакатдан 42 тасида вазият «жуда жиддий» (энг ёмон тоифа) деб баҳоланган. Бу давлатлар қаторига илк бор Қозоғистон (141-ўрин) ва Қирғизистон (144), шунингдек, Гонконг (140), Иордания (147) ва Эфиопия (145) кирди.

Қўшма Штатлар 2025 йилги рейтингда 65,49 балл тўплаган ҳолда 55-ўриндан 57-ўринга тушиб кетди (яъни, «муаммоли» вазиятда).

2025 йилда Россия 24,57 балл («жуда жиддий» вазият) тўплади ва 162-ўриндан 171-ўринга тушиб кетди ва рейтингнинг охирига яқинлашди (жами 180 та позиция мавжуд). Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатдаги вазият ўзгармаган: деярли барча мустақил оммавий ахборот воситалари блокланган, баъзилари «хорижий агентлар» ва «номақбул ташкилотлар» деб эълон қилинган, қолганлари эса ҳарбий цензурага бўйсунишга мажбур. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, Россияда ҳозирда 38 нафар журналист ва ОАВ ходимлари қамоқда.

Рейтингнинг жорий версиясида Украина 62-ўринда (2024 йилда - 61-ўрин). Мутахассисларнинг айтишича, оммавий ахборот воситалари иши уруш туфайли жиддий мураккаблашган Украинада ҳамон «хилма-хил ва мослашувчан» медиа ландшафти мавжуд. 2022 йилдан кейин давлат унда «марказий ўйинчи»га айланган, бироқ шу билан бирга, мустақил нашрлар «ишончли маълумотни тақдим этиш ва дезинформацияга қарши туришга қодир».

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти маълумотларига кўра, фақат етти мамлакатда матбуот эркинлиги «яхши» даражада: Норвегия (тўққизинчи йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллаб турибди), Эстония, Нидерландия, Швеция, Финляндия, Дания ва Ирландия.

Яна 35 давлат «қониқарли рейтинг»га эга. Улар орасида Португалия, Германия, Литва, Латвия, Буюк Британия, Канада, Франция, Ямайка, Австралия, Арманистон ва Молдова каби давлатлар бор.

Мазкур рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида ўтган йилги ўзгармаган ҳолда 148-ўринни эгаллади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг