Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Григорий Лепснинг Тошкентдаги концерти иккинчи марта бекор бўлди. Сотилган чипталар учун ким жавоб беради?

Григорий Лепснинг Тошкентдаги концерти иккинчи марта бекор бўлди. Сотилган чипталар учун ким жавоб беради?

Фото: «Olx.uz»

2018 йил 27 февраль куни Россия халқ артисти Григорий Лепс Тошкент шаҳрида концерт бериши ҳақидаги хабарлар йил бошиданоқ шов-шувга айланди. 20 январдан эса чипталар сотуви йўлга қўйилди.

Скрин: «Olx.uz»

Ўша пайтда чипталар нархи ўртача 300 минг сўм эканини «Olx.uz» сайтида жойлаштирилган эълондан ҳам билиб олиш мумкин. Бизга мурожаат этган фуқаронинг айтишича, у ҳам ишхонасидан пул ўтказиш орқали февраль ойида 250 минг сўмдан 2 та чипта сотиб олган. Лекин «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтадиган концерт бекор қилинди. Сабабини ҳеч ким расман тушунтирмади ва 26 мартга кўчирилганини айтишди.

Бугун, 26 март куни Григорий Лепснинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. Аммо хонанданинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Тошкентдаги концерт ташкилотчиларнинг айби билан бекор бўлганини ёзди.

Скрин: «MyDay.uz»

«MyDay.uz» сайтининг хабарига кўра, бугунги концертнинг чипта нархлари 120 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача белгиланган. Лекин нимага бекор бўлгани ҳақида яна ҳеч қаерда расмий маълумот йўқ ва чипталарни қайтариб олиб кетиш мумкинлиги айтилиб, истеъмолчилардан кечирим сўралган бирор-бир хабарни топа олмадик.

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Истиқлол» санъат саройи кассасига (+998 71 245-92-51) қўнғироқ қилдик. Кассадаги ходим концерт иккинчи бор бекор қилинганини тасдиқлади ва май ойига кўчирилганини қўшимча қилди. Нега бекор қилинганини билмаслигини, ташкилотчилар билан боғланишимизни айтди. Ходим берган 245-02-67 рақамига ҳарчанд уринмайлик, боғлана олмадик.

Скрин: «Ўзбекконцерт» ДМ

Шундан сўнг «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг матбуот хизматига боғландик. Муассаса сайтидаги Музаффарбек Сайфуллаев исми билан унинг телефон рақамига (+998 71) 234-60-47) сим қоқдик. Гўшакни олган ходим М.Сайфуллаев бошқа хонада ўтиришини айтиб, рақамини берди. У рақам эса, афсуски, факсга уланган экан. Хуллас, улар билан ҳам боғлана олмадик.

Григорий Лепс-ку майли, бошқа юртда яшайди. Ўзбекистондаги одатларни ва «одатлар»ни билмаслиги мумкин. Ташкилотчиларнинг техник хатоси туфайли деб ёзган ва мухлислардан узр сўраган. Узр сўраш маданияти уларда яхши шаклланган.

Скрин: «Вконтакте»

Лекин «Истиқлол» санъат саройи маъмурияти ва «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси бекор бўлган ҳар икки концерт бўйича бирор расмий маълумот бермаган. Истеъмолчилар учун келтирилган ноқулайлик учун узр сўраш ҳақида ҳозирча гап бўлиши мумкин эмас.

Сотилган чипталарнинг пуллари қаерда, улар қачон ва қай тарзда эгаларига қайтарилади (узоқ жойдан келган мухлислар ҳам бўлиши мумкин)? Концерт дастури нима учун кетма-кет иккинчи марта бекор бўлди? Ҳар икки муассасадан ушбу ҳолат юзасидан расмий изоҳ кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг