Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гўзаллик танлови ғолиби одам ўғирлашда гумон қилинмоқда

Гўзаллик танлови ғолиби одам ўғирлашда гумон қилинмоқда

Фото: «Nur.kz»

«Мисс Оахака-2018» гўзаллик танлови ғолиби Лаура Мохика Ромеро Мексика полицияси томонидан одам ўғирлашга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Бу ҳақда «Mexico News Daily» ёзмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, 25 ёшли қиз Мексиканинг Веракруз ва Оахака штатларида одам ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ таркибига кирган. У 11 февраль куни ўтказилган рейд пайтида тўданинг бошқа етти нафар аъзоси билан бирга қўлга тушган. 13 февраль куни суд уларни икки ой қамоқда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллашга ҳукм чиқарди. Ҳозирча расмийлар далил тўплашда давом этмоқда. Жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси 50 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Лаура Мохика Ромеро Веракрус университетида бизнесни бошқариш бўйича бакалавр даражасини олган. Резюмесида инглиз тилида эркин мулоқот қилиши, кўкрак бези саратони ва болалар саратонига қарши кураш уюшмаларининг вакили эканлиги қайд этилган. Бундан ташқари, у аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашувчи ташкилот тузиш нияти борлигини маълум қилган. 2020 йилда у Колумбияда бўлиб ўтган Халқаро Қаҳва маликаси танловида Мексика шарафини ҳимоя қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг