Гўшт ўрнини босадиган маҳсулотлар
Aмерикалик диетолог Дон Блатнер (Dawn Blatner) гўштсиз соғлом овқатланиш ва оқсил танқислигини ҳис қилмаслик йўлларини маълум қилди. Бу ҳақда «Yahoo Life» хабар берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, вегетарианлар, веганлар ва бирор сабабга кўра таомномасидаги гўшт миқдорини камайтиришга қарор қилган кишилар ҳар сафар овқатланганда ҳеч бўлмаганда битта таом таркибида ўсимлик оқсили бўлишини назорат қилиши зарур.
Кундалик оқсил миқдорини ҳисоблаш учун Блатнер вазнни 1,26 га бўлишни маслаҳат беради. Чиққан натижа ҳар куни истеъмол қилишингиз керак бўлган оқсилнинг граммдаги миқдорига тўғри келади. Формуладан келиб чиқадиган бўлсак, масалан, 68 килограмм вазнда кунига тахминан 54 грамм, фаол ҳаёт тарзида эса сал кўпроқ оқсил истеъмол қилиш керак.
Ҳар ҳафта битта вегетарианча таомни тановул қилинг. Йил охирига келиб еб кўрган рецептларингиз сони 50 дан ошиб кетади. Улардан баъзилари шу даражада оддий ва мазали бўладики, уларни мунтазам равишда истеъмол қила бошлайсиз.
Ўсимлик оқсилининг энг бой манбаларидан бири сейтан бўлиб, крахмали ювилган буғдой унидан тайёрланган Шарқий Осиё таомидир. 100 грамм сейтан таркибида 25 грамм оқсил мавжуд. Унга ферментланган соядан тайёрланадиган Индонезия темпеси рақобатлик қила олади. Бир стакан темпенинг тўртдан уч қисмида 20 грамм оқсил мавжуд.
«Мен темпени яхши кўраман, чунки ферментация туфайли енгил ҳазм бўлади ва гўштли тузилишга эга», — дейди Блатнер.
Унинг сўзларига кўра, шунингдек, тофу, эдамамэ, ясмиқ, ловия, ерёнғоқ, хамиртуруш, дуккаклилар, бодом, полба, сули, киноа ва нўхат оқсилга бой.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter