Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Голландияда янги партия шифокорга муолажа учун эмас, беморни даволагани учун пул тўлашни талаб қилмоқда

Голландияда янги партия шифокорга муолажа учун эмас, беморни даволагани учун пул тўлашни талаб қилмоқда

Фото: «Sdelanounih.ru»

Голландиялик кўзга кўринган тиббиёт ходимлари янги сиёсий партияни ташкил этишди. У NLBeter деб аталади. («beter» «яхшироқ», шунингдек, «тузатиш» деган маъноларни англатади). Уларнинг фикрича, партиянинг ташкил этилишига миллий соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг қониқарсизлиги асосий сабаб бўлган. Психиатр Эстер ван Феннема — янги партиянинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили. Унинг сўзларига кўра, шифокорларнинг бошқа чораси йўқ, негаки мавжуд партиялар соғлиқни сақлаш тизимини ўзгартириш ва унинг муаммоларини ҳал қилишга қодир эмас.

«Regnum»нинг ёзишича, партия раҳбарияти асосан турли йўналишдаги тиббиёт ходимларидан иборат. Партия парламентнинг қуйи палатасига 2021 йил март ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловларда қатнашиш ниятида. У 150 ўриндан камида бештасини олишни кўзламоқда.

Ван Феннеманинг сўзларига кўра, партия аъзолари шу пайтгача ўз фикрини билдириш учун газеталарга ёзишди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки ток-шоуларга таклиф этилди, бироқ бу соғлиқни сақлаш тизимида реал ўзгаришларга олиб келмади.

2020 йилда партия ўз сайловолди дастурини, шунингдек, сайловда қатнашадиган номзодлар рўйхатини тақдим этади.

Шунга қарамай, янги партиянинг асосий талаблари аллақачон маълум бўлди:

Соғлиқни сақлаш соҳасида менежерлар сонини 20% га қисқартириш: бу тиббий ёрдам учун маблағни сақлаб қолади.

Касалликлар профилактикасига кўпроқ эътибор бериш.

Шифокорларга муолажа учун эмас, беморни даволагани учун пул тўлаш.

Ван Феннема мавжуд партияларнинг айримлари соғлиқни сақлаш муаммолари ҳақида қайғуришидан шубҳаланмаслигини тан олди. Бироқ, унинг фикрича, бу етарли эмас. Устига-устак, шифокорлар соғлиқни сақлашга нима зарурлигини яхшироқ билишади. Янги партия битта мавзу партиясига айланиб қоладиган деган танбеҳга жавобан Ван Феннема партиянинг асосий мақсади соғлиқ ва соғлом жамият эканлигини, лекин бу мавзу таълим ёки ижтимоий сиёсат масалаларига ҳам бориб тақалишини таъкидлади. Шу боис, унинг фикрича, партия соф тиббий бирлашмадан кўра кенгроқ мазмун касб этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг