Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Мактабларда география фанидан эскирган маълумотлар бўйича дарс ўтилаяпти(ми?)

Мактабларда география фанидан эскирган маълумотлар бўйича дарс ўтилаяпти(ми?)

Фото: муаллиф томонидан тақдим қилинган.

Охирги пайтларда ўқитувчилар муаммоси, таълим сифатининг пастлиги ҳақида кўп гапирилаяпти. Албатта, ёш авлоднинг саводли, илмли бўлиши ҳар бир мамлакат учун долзарб бўлиши керак. Аммо ҳозирча бизда таълим соҳасида дарсликлардан тортиб, ўқитувчиларга бўлган муносабатгача етарлича муаммолар бор.

Мен географияга жудаям қизиқаман. Айниқса иқтисодий, ижтимоий географияга. Дунёдаги турли мамлакатлар аҳолисининг этник таркиби, уларнинг иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалигидаги етакчи соҳалари, мамлакатлардаги аҳоли сони, уларнинг пойтахтларида қанча аҳоли яшаши мен учун жудаям қизиқ. Ўйлайманки, бу кўпчилик учун ҳам қизиқ.

Географиянинг бир қисмида маълумотлар унча-мунчада ўзгармайди. Ер шари бўйлаб ўтган меридианлар, параллел чизиқлар, уларнинг узунлиги, мамлакатларнинг пойтахтлари, уларнинг ҳудудлари ва ҳоказолар. Аммо иқтисодий кўрсаткичлар, қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, мамлакат аҳолиси, шунингдек турли аҳоли пунктларидаги аҳоли сони, турли мамлакатларнинг экспорт-импорт салоҳияти ўзгарувчандир. Ана шу сабаблар туфайли ҳам мактабларда, ўрта махсус билим юртларида, ОТМда ўқитилаётган иқтисодий география дарсликлари, программалари, шунингдек шу дарсликларга илова тарзида чиқарилган турли карталар тез-тез янгиланиб туриши туриши керак. Акс ҳолда айнан иқтисодий ва ижтимоий география фанини ўқиётган ўқувчилар, талабалар «замондан орқада қолиб кетиб», кўпгина янги воқеа-ҳодисалардан, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлардан бехабар қолишлари мумкин.

Қўлимда 9-синф ўқувчилари учун чиқарилган «Дунёнинг иқтисодий ва ижтимоий географияси» китоби ва «Дунёнинг иқтисодий ва ижтимоий географияси» атласи. Бу китоб ва картада дунё давлатларидаги турли соҳалар умумий маълумот ва жадваллар асосида ёритилган. Қисқаси ушбу китоб ва атлас 9-синф «Жаҳон иқтисодий ва ижтимоий географияси» фани учун етарли маълумотлар билан бойитилган. Аммо...

Ҳамма гап ана шу аммода-да! Ушбу китоб ва атласдаги маълумотлар жудаям эски.

Китоб тўлдирилган ҳолда 2014 йилда қайта чоп этилган. Аммо ундаги маълумотларнинг аксарияти  2011 ва 2012 йилларга оид. Атласнинг охирги варағида маълумот берилишича, карта 2007 йилда тузилган. 2013 йилда эса тузатилган ва нашр этилган.

Қизиғи, карта илк марта 2013 йилда, 2011 — 2012-йиллардаги статистик маълумотларга асосланиб чоп этилган бўлса-да, ҳанузгача ўзгартирилмасдан ўша ҳолида чоп этиб келинаяпти. Мана, қўлимдаги карта  2017 йилда чоп этилган. Ундаги маълумотларга кўра мамлакатимизда  29.555.400 киши яшайди. Бу маълумот 2012 йилники. Ҳозир эса мамлакатимизда 32 миллиондан ошиқ аҳоли яшаяпти. Шу тариқа картада бошқа давлатлардаги аҳоли сони ва турли пойтахтлар аҳолисининг сони ҳам 2011 ва 2012 йиллар маълумотига кўра берилган. Ундан кейин дунёнинг баъзи давлатларида аҳоли сони сезиларли камайди. Баъзиларида эса ошиб кетди. Аммо бизнинг ўқувчиларимиз ҳанузгача 2011 ва 2012 йилнинг маълумотини ўрганишаяпти.

Шунингдек атласдаги иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигига тегишли кўп маълумотлар ана шундай эски маълумотлар асосида берилган.

Химия, физика, алгебра ва бошқа бир қатор фанларда маълумотлар ўзгармайди. Аммо география фани — бошқа масала. Олти-етти йил уёқда турсин, ҳатто уч-тўрт йилда ҳам география фанидаги турли маълумотлар ўзгариб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам, фикримча, айнан география фани дарсликларини янги маълумотлар билан бойитиб, ҳар уч-тўрт йилда чоп этиб туриш керак.

Масалан, 2000 — 2005-йилларгача биз пахта толасини етиштириш бўйича дунёда Хитой ва АҚШдан кейин учинчи ўринда, пахта толаси экспорти бўйича эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда турганмиз. Аммо бугунга келиб йилдан-йилга пахта майдонлари қисқартирилиб, уларнинг ўрни бошқа экинларга бўшатиб берилаётганлиги, ўзимизда ҳам тўқимачилик ва текстиль саноати ривожланиб, толанинг катта қисми ўзимизда қайта ишланаётгани туфайли биз бугунги кунда пахта толасини етиштириш бўйича, уни экспорт қилиш бўйича биринчи бешликка ҳам кирмаймиз.

Бу ҳақда эса ўқувчиларга асосан география фани хабар беради. Шунинг учун хам география китоблари тез-тез янгиланиб туриши мақсадга мувофиқдир.

Фан олимпиадаларида айнан география фанидан қандай саволлар берилади, ана шу китоб ва атласдаги эски маълумотлар бўйичами ёки янги маълумотлар бўйичами? Шуни билиш учун мактабда ишлаётган география ўқитувчиси билан гаплашдим.

Унинг айтишича, фан олимпиадаларида саволлар дарсликда берилган маълумотлар бўйича берилади. Аммо айрим ҳолларда ўқитувчиларнинг ўзларини атестациядан ўтказиш пайтида ўқитувчининг қўлига етиб келмаган китоб маълумоти бўйича ҳам саволлар бериб қолишади.

Шунингдек география фани бўйича яна бир муҳим муаммо бор эканки, бу ҳақда ўқитувчи куюниб гапирди:

— Китоб ва карталардаги маълумотларнинг эскилиги, 2018 йилги ўқув йилида ҳам ўқувчилар 2011 — 2012-йиллардаги маълумотларни ўрганаётгани бир муаммо. Яна бир муаммо шуки, география китобларига илова тарзида чиқарилган атласларга илова тарзида бўялмаган карталар ҳам чиқарилган. Ўқувчи йил давомида ўтилган мавзу бўйича ана ўша картани бўяб бориши керак. Бу эса ўқувчи учун умуман кераксиз машғулот. Карталарда турли давлатларнинг турли рангларда белгиланиши ҳеч нарсани англатмайди. Бу иш шунчаки давлатларни бир-биридан осон ажратиш учун қилинади. Лекин ўқувчининг қимматли вақтини олади холос. Бу масаланинг биринчи жиҳати.

Иккинчи жиҳати шундаки, мактаб ўқувчилари учун чиқарилган оддий  қаламларда ўн икки хил ранг бор. Картада эса йигирмадан ошиқроқ ранг берилган. Қайси рангга қайси рангни қўшиб бўяса ўша керакли ранг чиқишини ўқувчилар билмайди. Буни билиш учун эса камида рассом бўлиши керак.

Масаланинг учинчи жиҳати шуки, ана шу бўяш қийиндан қийин бўлган карталарни бўяйман деб бир нечта ўқувчимнинг кўриш қобилиятида муаммо чиқиб, кўз шифокорига мурожат қилишга мажбур бўлдилар.

Кўп ўқувчилар бири кўзини асраш учун, яна бири вақтини тежаш учун картани наридан бери бўяб қўя қолади. Бу ишнинг мураккаблигини билиб уларга индамай қўя қоламиз.

— Картани бўяш ўқувчи саломатлиги учун зарарли экан, бунинг устига ўқувчининг билимини оширишга хизмат қилмайдиган юмуш экан, бу ҳақда таълим соҳасидаги юқори идораларига шу ишни ўқув режасидан олиб ташлаш ҳақида мурожаат қилганмисизлар? — сўрайман мен.

— Мурожаат қилганмиз, фақат вазирликка эмас, туман ХТБга «вазирликка етказинглар шу муаммони» деб мурожаат қилганмиз. Аммо уларнинг айтишича, география фанидан ўқув режаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилади ва вазирлик лозим топсагина ўша картани бўяш ўқув дастуридан олиб ташланади. Лозим топишмаса аҳвол ўзгаришсиз қолаверади.

Бунинг устига ўқувчиларнинг вақтини олаётган, соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган ана шу карта дарсликка қўшиб ижарага берилмайди, уни ўқувчи сотиб олиши керак. Уни ишлаб чиқариш учун қанчалаб қоғоз ва меҳнат сарфланаяпти. Агар ХТВ шу масалани ўрганиб чиқса ва ўқувчиларни шу ишдан халос қилса анча қоғоз, меҳнат ҳамда ўқувчиларнинг пуллари тежаб қолинар эди...

Ўқитувчи билан гаплашиб бўлганимдан кейин қўлимга дарсликка илова тарзида берилган картани ва бўялиши керак бўлган картани олдим ва ёнма-ён қўйиб кўрдим. Йўқ, мен географияга қанчалик қизиқмай бу картани эплаб бўяй олмайман. Кўзим ҳам дош бермайди, асабим ҳам. Назаримда, ҳатто рассом учун ҳам бу картани аслига ўхшатиб бўяб чиқиш осон эмас.

Мен юқорида гапни 9-синфлар учун чиқарилган география китоби ва картаси хақида ёздим. Аммо карта бўяш топшириғи 7-синф ўқувчилари учун ҳам бор экан.

Ўйлайманки, шу мақола орқали бу муаммо вазирликка ҳам етади ва улар мактабларда география фанини ўқитишни қайта кўриб чиқадилар ва болаларнинг соғлиғи учун муаммо бўлаётган ва уларнинг қимматли вақтини олаётган карта бўяш ишини дарс режасидан чиқариб ташлайдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг