Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ: «Хонатлас – миллийлигимиз тимсоли»

«Ўзмиллийбанк» АЖ: «Хонатлас – миллийлигимиз тимсоли»

Асл ҳунармандлар юрти бўлган Ўзбекистонда атласу адрасга тенг келадиган матони топиш амримаҳол. Камалакнинг етти рангини бетакрор нақшларда кўз-кўз қилган ушбу матодан тикилган либос барча хотин-қизларга ўзига хос чирой, жозиба ҳамда мафтункорлик бахш этади. Қолаверса, миллийлигимиз тимсоли сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бежиз қадим урф-одатларимиз, тўй маросимларимиз атласу адрассиз ўтмайди.

Шу боис диёримизда бўлган ҳар бир хорижлик сайёҳ кўзларни яшнатиб атлас кийган сулув қизларимизнинг, зебо келинчакларимизнинг эгнидаги хушбичим андозали кўйлаклари ҳамда тўнларига ҳавас ҳамда ҳайрат билан назар соладилар. Хуллас, зар ипаклардан тайёрланган турфа бичимдаги атласнинг ранг-баранг услублари бугунга келиб замонавийлик билан уйғунлашган ҳолда янада такомиллашди ва фестивалларимизнинг шоҳ асари сифатида намойиш этилмоқда.

Айни пайтда юртимиз бўйлаб «Хонатлас» фестивали давом этаётган фурсатларда баҳорий кайфиятга янада жўшқинлик бахш этиш мақсадида «Ўзмиллийбанк» АЖ да фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар фаол иштирок этишди. Миллий либос кийган ходимларимиз мижозларни илиқ табассум ҳамда хушмуомала билан қарши олиб, банк хизматларини тақдим этишди. Албатта, бу кайфият ва шарқона муҳит юртдошларимизни бефарқ қолдирмади.

– Тўғриси, банкка кириб келишим билан банк хотин-қизларининг миллий тақинчоқлар тақилган атлас кўйлакларда мижозларни кулиб қарши олаётганларига кўзим тушиб, кайфиятим кўтарилди, – дейди Раҳим Бойназаров. – Булар менга ёшлигимни эслатди. Баҳор фаслини чинакамига шу ерда ҳис этдим. Сабаби менга баҳор ҳам аслида, хотин-қизларнинг табассумидан бошланади.

Бугун «Ўзмиллийбанк» АЖ республика бўйлаб барча ҳудудий бўлимларида ана шундай «Хонатлас» фестивали давом этди. Бу тадбирда банкнинг барча ходимлари муносиб иштирок этишди ва миллий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг