Газ тош орасида бўлади – газ қазиб олинишидаги билмаганларимиз
Биз таом тайёрлаш ёки чой қайнатиш учун битта гугурт чақиб осонгина ёқиб юборадиган газ қанча машаққат эвазига хонадонимизга етиб келишини биламизми? Баъзан шундай бўладики, ундан фойдаланиб бўлгач ўчириб қўйиш ёддан кўтарилади, ёки чироқ бўлмаганда шунчаки уйни салгина ёритиш учун ёқиб қўядиганлар ҳам бор.
Қишда газ плита туну-кун ёниши эса бошқа масала. Умуман, бу савол кўпроқ коммунал хизматларга тегишли ва уни кўтаргандан наф йўқ. Шунчаки, улар ҳам кончилар зиммасидаги машаққатни салгина сезсин деб ёздик-қўйдик. Худди ўзимиз сингари.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Қорақалпоғистонга ташкил этилган пресс-тур давомида биз - турли ОАВ ходимлари мана шу машаққат билан озми-кўпми, танишиб олдик. Икки, уч, баъзан эса тўрт ёки беш минг метр чуқурликдаги қаттиқ жинслар орасида ётган газни юқорига тортиб олиб, захарли моддалардан тозалаб, совутиб, истеъмолга яроқли қилиб, минглаб километрларга узатиб бериш ҳақиқий қаҳрамонлик эканига икки кунлик сафар давомида яна бир бор амин бўлдик.
Газ ўзи қандай қазиб олинади? Энг аввало у бор жойни топиш керак. Табиий газ баъзилар ўйлаганидек ер остидаги улкан ғовакда сақланмайди, балки бир неча минг метр чуқурликдаги қаттиқ жинсларда жойлашган майда тешикларда катта босим остида бўлади. Бу қатлам 1000 метрдан бир неча километргача чуқурликда бўлиши мумкин. Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, бу рақам аллақачон 4500 метрга етган ва яқин вақтлар ичида кончиларимиз 6 минг метрга қадар тушиши кутилмоқда. Хозирги кунда айнан шу устида иш боряпти.
Янги кон топиш учун аввало геологик қидирув ишлари ўтказиш лозим ва газ айнан қаерда бўлиши мумкинлиги тахмин қилиниб, қазиб олишга тайёрларлик жараёни бошланади. Яъни, шунчаки газни ер қаъридан олиш билан иш битмайди, уни яна заҳарли қўшимчалар, сув ва бошқа жинслардан тозалаш, керакли жойга етказиб бориш керак. Бунинг учун эса юзлаб километрга тортиладиган қувурлар, тозалаш корхоналари ва бошқа ускуналар керак.
Қаттиқ фойдали қазилмалар (олтин, кумуш, уран, кўмир ва ҳоказо) билан солиштирганда газ олишнинг фарқи шундаки, уни барча босқичлардан ўтказиб, истеъмолга яроқли қилиб, истеъмолчига етказиб боргунга қадар улкан, нозик ва қимматли инфратузилма лозим бўлади.
Яна бир жиҳат – газни кондан тортиб олишда ҳам тегишли меъёр ва қоидаларга албатта риоя этиш шарт. Масалан, қазиш асносида қудуқларнинг деворлари мустаҳкамланиши керак. Конда бир нечта қудуқлар бўлади, уларнинг барчасида босим тенг тақсимланиши керак. Акс-ҳолда остки қатламларда катта босим остида турган сув юқорига кўтарилиб кетади ва газ йўлини тўсиб қўяди. Оқибатда кон имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмай қолиш мумкин. Шунинг учун ҳам бутун кон бўйлаб қудуқлар босимини бир хилда ушлаб туриш жуда муҳим.
Бизга айтишларича, айни вақтда фойдаланишда бўлиб турган аксарият конлар ўтган асрнинг 70-80 йилларида очилган бўлиб, табиийки улардаги босим тобора тушиб бормоқда. «Ўзбекнефтгаз» АЖ йигитлари бу муаммони ечиш учун катта ишларни амалга оширмоқдалар. Устюрт кенгликларида бўлганимизда бунга кўп ва хўп гувоҳ бўлдик. Масалан, кунига 1 миллион метр кубдан кўпроқ газ берадиган қудуқ кўз ўнгимизда очилгани алоҳида таассурот. Олти минг метр чуқурликка қадар қазилаётган қудуқ билан танишиш асносида эса ўзимиз билмаган кўп нарсаларни ўргандик.
Кончиларнинг айтишича, бу қудуқ яқин ойлар ичида қазиб бўлинади ва ундан кутилаётган умидлар жуда катта. Насиб қилса, янги қудуқ очилишида яна кўришишга келишиб хайрлашдик.
Умидлар катта, оқибати эса хайрли бўлсин.
Зафар ҚОСИМОВ,
Тошкент - Нукус - Устюрт
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter