Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаролардан турли маълумотномалар сўраш давом этяпти. Адлия нима дейди?

Фуқаролардан турли маълумотномалар сўраш давом этяпти. Адлия нима дейди?

Фото:«Xabar.uz»

Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари томонидан «қайси маълумотномалар кўп сўраляпти ва қайси давлат идоралари уларни талаб этаяпти» деган саволларга жавоб топиш учун ўтган 1 ой давомида фуқароларнинг ДХМларга маълумотнома сўраб қилган мурожаатлари ўрганилди.

Аниқланишича:

– руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида – 39 950 та;

– наркология бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида – 35 066 та;

– фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари ҳақида – 30 609 та;

– судланганлик (ёки судланмаганлик) ҳақида – 20 714 та;

– фуқаронинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисида – 5 421 та;

– манзил-маълумот ахбороти – 981 та;

– турар жойнинг майдони тўғрисида – 12 та маълумотнома берилган.

Президентнинг тегишли қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан талаб қилиниши, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилиши мумкин бўлмаган 28 та ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди. Бу билан миллионлаб фуқароларнинг вақти, асаби, моддий маблағлари тежалиши, шунингдек, ушбу ҳужжатларни тайёрлаб берувчи давлат органлари ва ташкилотларига юкламаларнинг камайишига олиб келиши назарда тутилган эди.

Бироқ амалда мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, ҳамон турли ташкилотлар ва идоралар томонидан фуқаролардан ортиқча маълумотномалар талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мониторинг натижасида ушбу ҳужжатлар асосан ишга кириш учун сўралаётгани маълум бўлди.

Мисол учун, руҳий касалликлар ва наркология диспансери ҳисобида туриши/турмаслиги ҳақидаги маълумотнома аксарият ҳолларда тиббиёт бирлашмалари ва муассасалари ҳамда ички ишлар органларига ишга кириш, тижорат банкларидан кредит олиш учун талаб қилинаётган экан. Ушбу мақсадлар учун маълумотнома 45 мингдан ортиқ фуқародан талаб қилинган.

Тўғри, қонунчиликда мазкур турдаги маълумотномаларни сўраш мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд. Масалан, никоҳдан ўтишда, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ва ҳоказо.

Айрим турдаги маълумотномалар эса, асосий ҳужжатга илова сифатида белгиланмаганлиги ёки норматив ҳужжат асосида бекор қилинганлиги баъзи давлат идоралари эътиборидан четда қолмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, судланганлик/судланмаганлик ҳақида маълумотнома ҳамда манзил-маълумот ахбороти фуқаронинг розилиги билан давлат органлари томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиниб, фуқаролардан талаб қилиш тартиби бекор қилинган.

Шунга қарамай, амалиётда сентябрь ойида фуқаролардан 22 мингга яқин ушбу турдаги маълумотномалар талаб қилинган.

Сабаби оддий – давлат идоралари ҳужжат билан белгиланган интеграция ишларини ўз вақтида якунламади. Ўртада эса фуқаролар овора.

Шунингдек, таҳлилларга кўра, фуқаронинг номида шахсий уй-жой бор ёки йўқлиги тўғрисида маълумотномани энг кўп талаб қилган ташкилот ва идоралар, бу – маҳаллий ҳокимликлар 1 782 та, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш органлари 1 069 та, мудофаа органлари 899 та, ички ишлар органлари 292 та, кадастр органлари 242 та, тижорат банклари 229 та ва бандлик органлари томонидан 119 та ҳолатда.

Ваҳоланки, кадастр органлари маълумотномани сўраган ташкилотга тизим орқали юбориши ҳам мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг