«Фрилансерлар 25 нафардан 70 нафарга ошди» – Марғилонда ўзгариш катта
Марғилон рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилганининг бир йиллигига бағишлаган маросим бўлиб ўтди.
Унда Тошкент ахборот технологиялари университети проректори Файзулла Арипжонов, вилоят ҳокими ўринбосари Файзулла Қосимов, ТАТУ Фарғона филиали директори Акбарали Расулов ва бошқалар сўзга чиқиб, марказ фаолиятига муваффақиятлар тиладилар.
Марказ директори Баҳромжон Жалилов эришилган ютуқлар ва 2022 йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган вазифалар ҳақида ахборот берди.
«Бир миллион ўзбек дастурчилари» дастури бўйича 2000 нафардан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтиб, 400 нафари халқаро сертификатларни қўлга киритдилар. Самандар Мазҳардинов ва Нодирбек Абдулаҳадовлар грант совриндорлари бўлишди. Ахборот технологиялари дунёсига дадил қадамлар билан кириб келган, салмоқли ютуқларни қўлга киритган бу ёшларни кўриш, уларнинг истиқболдаги режаларини тинглаш онлари ҳам бағоят ҳаяжонли кечди.
Мазкур юксак технологиялар масканида ёшлар мана бир йилки, ахборот технологиялари тилсимотларидан сабоқ олмоқдалар. Ёшлар компютер саводхонлиги, дастурлаш, работотехника, андроид иловалар яратиш каби қатор курсларда билимларини оширишга эришдилар. Бир йиллик сарҳисоб ҳам керак экан. Таҳлил ва хулосалар ясаш учун. Қуйидаги рақамлар ҳам шундан далолат қилади.
Марказда бунинг учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. 2020 йилда ўқувчилар сони 700 нафар эди. Бу йил уларнинг сафи 3000 нафарга етди. Резидентлар 5 нафардан 700 нафарга, ходимлар 7 нафардан 22 нафарга, «Бир миллион ўзбек дастурчилари» 2000 нафарга, фрилансерлар 25 нафардан 70 нафарга ошган. ТОП ўқитувчилар 13 нафарни ташкил этмоқда... Ютуқлар талайгина. Олдинда адо этилишини кутиб турган эзгу ишлар ҳам анчагина.
Ҳафиза Саляҳова,
«Хабар»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter