Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франциянинг «Veolia» компанияси Тошкентда иш бошлади

Франциянинг «Veolia» компанияси Тошкентда иш бошлади

Кеча, 1 июлдан «Veolia Energy Tashkent» илгари «Тошиссиққуввати» ДУК бошқарувида бўлган барча фаолият турларини амалга оширишни бошлаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 594-сонли (22.09.21) Қарори билан «Veolia Energy Tashkent» компаниясига Тошкент шаҳрининг марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқариш вазифалари юклатилган эди.

Бу ҳақдаги битим 2021 йил 29-30 сентябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистон иқтисодий форуми» доирасида Молия вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимияти ва «Veolia Energy Tashkent» ўртасида имзоланган эди.

Унга кўра, Тошкент шаҳар иссиқлик таъминотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Франциянинг «Veolia» (хусусий шерик) компаниясига 30 йил муддатга бошқарувга берилган. Дастлабки 2 йилда «Veolia»га пилот лойиҳа сифатида Бектемир ва Сергели туманларидаги 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик тизимлари модернизация қилинади (ёпиқ тизимга ўтказилади).

Пилот лойиҳа доирасида «Veolia» компаниясининг 15 млн. евролик инвестицияси ҳисобига 13,5 мингта иссиқлик ва 153 мингта иссиқ сув ўлчагичларини ўрнатиш, 142 та автотранспорт, 451 та техника ва 1 та мобил қозонхонани харид қилиш, 1 142 та иссиқлик стансиясини ўрнатиш ва реконструкция қилиш, 22,3 гкал/с қувватли локал қозонларни модернизация қилиш, 53,4 км иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Лойиҳа амал қилиш даврида хусусий шерик томонидан жами 181 та иншоот ва қозонхонани модернизация қилиш, 575,6 км иссиқлик тармоқларини қуриш, 841,1 км тармоқларни реконструкция қилиш, 51,5 минг дона иссиқлик ва 2 464,6 минг дона иссиқ сув ўлчагичларни ўрнатиш, шунингдек, 391 та махсус техника (автомашиналар) харид қилинади.

Мазкур ишларни молиялаштиришга «Veolia» томонидан 362 млн. евро (шундан, 20 млн. евро тўғридан-тўғри инвестиция, 342 млн. евро лойиҳадан олинадиган фойдаси ҳисобидан) ва 982 млн. евро истеъмолчилардан олинадиган тўлов маблағлари ҳисобидан жалб қилинади.

Тарифларнинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида аҳолига пасайтирилган тарифларни қўллаш ва кўриладиган зарарларни қоплаш учун Тошкент шаҳар буджетидан 2021-2027 йилларда 8,4 трлн. сўм субсидия ажратилади.

Лойиҳадан оладиган соф фойданинг таннархига нисбатан 10 фоизи хусусий шерикка, ундан ошган қисми эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил қилинадиган Жамғармага йўналтирилади. Жамғармага давлат субсидиялари ва истеъмолчилардан олинадиган тўловларнинг капитал таъмирлаш учун ажратиладиган қисми ҳам йўналтирилади.

Лойиҳа ижросини мониторинг қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигида мавжуд штатлар доирасида 4 та ходимдан иборат давлат-хусусий шериклик бўлими ташкил қилинган.

«Veolia» компанияси томонидан лойиҳа амалга оширилиши натижасида иссиқлик таъминоти самарадорлиги 50 фоизга ошади ҳамда иссиқлик йўқотилиши 44 фоиздан 20 фоизга пасайтирилади, йиллик табиий газ сарфи 45 фоизга, электр энергияси сарфи 25 фоизга, ичимлик сув сарфи 40 фоизга тежалади. Шунингдек, лойиҳа даври мобайнида жами 9,2 млрд. м3 табиий газ, 3,1 млрд. кВт электр энергияси ва 1,1 млрд. м3 ичимлик суви тежалиб, жами 13,6 трлн. сўмлик харажатлар иқтисод қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг