Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Францияда ўқиётган ўзбек қизи 40 минг евро грант олди

Францияда ўқиётган ўзбек қизи 40 минг евро грант олди

22 ёшли Сарвинабону Аҳророва Франциядаги нуфузли олий ўқув юртининг магистратура босқичида таҳсил олади.

Ishonch.uz нашрининг хабар беришича, у яқинда хорижда хотин-қизлар учун ажратиладиган грантга лойиқ деб топилди ва ўзбекистонликлардан биринчи бўлиб мазкур йўналишда 40 минг евро пул мукофотини қўлга киритди.

Самарқанд шаҳрида шифокорлар оиласида туғилган Сарвинабону Москва муҳандислик институтининг Тошкентдаги филиалида бакалавр босқичини тугатиб, магистратурадаги ўқишини Францияда давом эттирмоқда.

«Ёшлигимдан физика, математика соҳасига жуда қизиқаман. Менинг энг катта орзум Францияда жойлашган “Катта адрон коллайдер”ни кўриш, у ерда илмий тадқиқотлар ўтказиш эди. Шу сабабли мактабдан бошлаб, кейинчалик институтнинг бакалавр босқичини ўтаётган вақтим француз ва инглиз тилларини яхши ўзлаштиришга, математика, физика фанлари билан чуқур шуғулланишга киришдим. ЮНИСЕФ ҳамда Фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил қилинган лойиҳаларда мунтазам қатнашдим. Бакалавр босқичини тугатгач, оила аъзоларимга айтмасдан Франциянинг 5 та нуфузли олий ўқув юртига имтиҳон топширдим. Буни қарангки, бешта олийгоҳнинг барчасига ўқишга кирибман. Танловим Францияда энг нуфузли таълим муассасаларидан бири — «Institut Polytechnique de Paris» бўлди. Онам билан дадам хурсандликларидан йиғлаб юборишди. Францияга кетиш вақтим яқинлашган сари ойим “Қизим, балки ўйлаб кўрарсан, Тошкентда ўкисанг-чи”, деб юборгилари келмади. “Чет элда бир ўзинг қандай яшайсан, қийналиб қолмайсанми?” деб кўп сўрардилар. Дадам билан ойим маслаҳатлашган ҳолда, биз ҳам сен билан бирга бориб, жойлаштириб келамиз, деб мен билан йўлга отланишди. Яшаш жойим билан танишиб, институтни кўриб, хотиржам қайтиб кетишди», дейди Сарвинабону.

У хорижда нуфузли танловнинг грантини ютиб олганинини қуйидагича изоҳлайди:

«Ҳар йили МАГАТЭ ёш олима қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Атом энергетикаси” соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган 100 нафар хотин-қизга физика, кимё соҳасида Нобель мукофоти лауреати Мария Склодовская-Кюри номидаги “Marie Sklodowska-Curie Fellowship Programme” грантини таъсис қилган. Мен ҳам Ўзбекистондан биринчилар қаторида мана шу нуфузли грант соҳибаси бўлдим. Миқдори — 40 минг евро. Грант маблағининг тенг ярми кундалик харажатлар учун, қолгани эса ўқишга тўланади».

Ўзбекистонлик талаба ўқишни аъло баҳоларга тугатиб, юртимизга яхши мутахассис бўлиб қайтмоқчи эканини айтади.

«Атом энергетикаси биз учун янги соҳа ва бу борада кўплаб мутахассисларга эҳтиёжимиз бор. Бу борада ўрганаётган билимларимни ҳаётга татбиқ қилмоқчиман», дейди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг