Францияда намойишлар ортидан 400 киши ҳибсга олинди
Франциядаги оммавий норозилик намойишларининг 9-кунидан сўнг 400 дан ортиқ фуқаро ҳибсга олингани айтилмоқда. Ҳибсга олишлар ўзбошимчалик билан бўлгани, панжара ортидагиларнинг кўпчилигининг бу ҳаракатларга алоқаси йўқлиги ҳақида хабарлар берилмоқда.
Шу билан бирга, намойишчилар расмийларнинг муносабат билдирганига қарамай, кўча чиқишларини тўхтатиш ниятида эмасликларини айтишяпти.
«Пайшанба куни Франция бўйлаб тўқнашувларга айланган намойишлардан сўнг 400 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Кўпчилик ҳибсда қолмоқда. Бу ерда Парижнинг 17-округида жойлашган ҳибсхонада сақланаётганларнинг дўстлари ва қариндошларини кўриш мумкин.
Жума куни эрталаб бу ерга кўпчилик ўз яқинларини озод қилишни талаб қилиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалардан, ҳукумат ўз ватандошларига қарши полициядан фойдаланаётганидан жуда хавотирда эканини айтиш учун келган.
Яқин кунларда нима бўлишини кўриш қизиқ. Вазият жуда кескин. Ҳозир ҳукумат амалдорлари воқеалар ривожи бундай тус олганидан афсусда эканини таъкидлашдан чарчамяпти. Афтидан, ҳукумат зиддиятли пенсия ислоҳоти қабул қилингандан сўнг норозилик намойишлари пасайишини кутган, лекин бундай бўлмади», – дейди Euronews мухбири Анелиз Боржес.
Мамлакат Касаба уюшмаларига кўра, 3 миллиондан ортиқ одам Франция кўчаларига чиқиб, ҳукумат ислоҳотлардан қайтмагунча курашни давом эттиришларини айтяпти. Сешанба куни улар яна бир катта митинг ўтказишга чақиришган.
Эслатиб ўтамиз, расмий Париж Францияда пенсия ёшини 62 дан 64 га оширишга оид ислоҳотни бошлаган ва бу мамлакатда норозилик намойишларига сабаб бўлган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter