Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фирибгарлик президентни ҳам йўқ қилади!

Фирибгарлик президентни ҳам йўқ қилади!

Улисс Симпсон Грант.

Аввал хабар берганимиздек, «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали янги «Молия кундалиги» лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишни мақсад қилган. Навбатдаги мақоламизда ҳам кўплар учун қизиқ бўлган молия ва «молиявий фирибгарлик» мавзусини давом эттирамиз.

Даставвал, яна молия тушунчасига тўхталамиз. Маълумки, молия пул билан боғлиқ муносабатлар бўлиб, унинг моддий асосини пул ташкил қилади. Лекин у айнан пул ёки пул билан бир хил тушунча дегани эмас. Яъники, иқтисодиётнинг самарали ва барқарор амал қилиши, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида давлат кўплаб бошқа иқтисодий субъектлар билан молиявий муносабатларга киришади. Ўз навбатида, молиявий муносабатлар тушунчасига қуйидагича таъриф бериш мумкин. Яъни, молиявий муносабатлар – давлат, минтақалар, тармоқлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда алоҳида фуқаролар ўртасида пул маблағлари фондларининг ҳаракати билан боғлиқ ҳолда вужудга келувчи иқтисодий муносабатлар мажмуйидир.

Олдинги мақоламизда АҚШ тарихидаги бир қанча молиявий фирибгарликлардан мисоллар келтирган эдик. Ушбу мақолада ҳам яна бир бор Қўшма Штатлар ўтмишига мурожаат қиламиз.

Фирибгарлик президентни ҳам йўқ қилади

Фуқаролар урушининг таниқли қаҳрамони ва собиқ президент Улисс Симпсон Грант ўғли Букнинг бизнесда муваффақият қозониши учун ёрдам беришга ҳаракат қилади. Аммо, Бук бунгача аллақачон бир неча корхоналарда омадсизликка учраган эди. Лекин, у Уолл-стритда муваффақият қозонишга қарор қилганди.

Ўша вақт, Бук ҳийла-найрангбозлик бобида устаси фаранг Фердинанд Уорд билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Иккиси «Грант ва Уорд» номли фирма очишади. Уорд дарҳол сармоядорлардан сармоя қидиришни бошлайди. У сармоядорларга собиқ президент Улисс Симпсон Грант давлатнинг фойдали шартномаларини тузишда ёрдам беришга рози бўлганини даъво қилади. Шу орқали Уорд топилган пулларни бозорда ишлатиб юборган.

Кейинроқ Уорд 600 000 АҚШ долларни Маринэ Миллий банкига боғлаб қўйди. Бунинг орқибатида банк ҳам, «Грант ва Уорд» фирмаси ҳам инқироз кўчасига кириб қолади. Фердинанд Уорд содда Букни отасидан кўпроқ пул сўрашга ундайди. Собиқ президент эса, аллақачон фирмага катта маблағ киритган, бироқ етарлича фойда топа олмаганди. Охир-оқибат у Вилям Вандербилтдан 150 000 АҚШ доллари миқдорида қарз сўрашга мажбур бўлган. Уорд пулларни олиб жуфтакни ростлайди. Бунинг натижасида, Маринэ Миллий банки ва «Грант ва Уорд» фирмаси батамом таназзулга юз тутади. Бу ўз навбатида 1884 йил шаҳарда ваҳима ҳам келтириб чиқарган.

Собиқ уруш қаҳрамони Улисс Симпсон Грант  таниши Вандербилт олдидаги қарзларини шахсий буюмлари, шу жумладан ҳарбий форма, медаллар ва урушдан қолган бошқа ёдгорликлар билан тўлайди.

Маълумотларга кўра, бор-будидан айрилган Улисс Симпсон Грант оиласига пул топиш мақсадида, «The Century» журнали учун «Фуқаролар уруши» тажрибаси ҳақида бир неча мақолалар ёзган. Муҳаррир унга бутун бошли хотираларини ёзишни таклиф қилади. Натижада, у хотиралар жамланган китоби учун 75 фоизлик роялти миқдорида шартнома тузади. Афсуски, китоб тугаганидан бир неча кун ўтгач собиқ президент вафот этади. Унинг хотини эса 450 000 АҚШ доллари миқдорида роялти олган.

Акциядорлик фондлари

1920 йилга қадар молиявий бозорнинг кўпгина фирибгарликлари сармоя киритаётган кам сонли америкаликларга ўз таъсирини кўрсатиб келди. Бадавлат манипуляторларнинг низоларига кўпинча ҳукумат аралашишни лозим кўрмаган. Биринчи жаҳон урушидан сўнг, америкаликлар фонд бозорларини кашф этишди. Янги пул оқимларидан фойдаланиш учун манипуляторлар эса, акциядорлик фондларини яратишга киришади. Мазкур акциядорлик фондлари асосан, Даниэл Древ услубидаги манипуляцияни янада кенгроқ миқёсда олиб борди. Сармоядорлар кўпроқ жалб қилинганида, акцияларни манипуляция қилишдан келадиган фойда компанияларни бошқаришга ишонтириш учун етарли эди. Бу акциядорлик фондлари жуда кучли бўлиб, ҳатто Chrysler, RCA ва Standard Oil каби йирик компанияларнинг акцияларини ишлата олган.

1929 йилдаги молиявий фалокатга олиб келган коррупция даражаси кенг жамоатчилик ва ҳукумат учун ҳам унутилмас бўлди. Фирибгарликларнинг асосий қисми акциядорлик фондлари ҳиссасига тўғри келди. Бу ўз навбатида, SEC (Securities and Exchange Commission – Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси) тузилишига олиб келди. Ажабланарлиси шундаки, ушбу комиссиянинг биринчи раҳбари чайқовчи ва акциядорлик фонднинг собиқ ходими Жозеф Каннеди эди.

SECнинг тузилиши билан бозор қоидалари расмийлаштирилди ва фонднинг бир қатор фирибгарликлари аниқланди. Хусусан, оддий манипуляция амалиётлари, шунингдек ички маълумотларнинг йирик савдолари ноқонуний деб топилди. Лекин SECнинг фаолият даврида ҳам ҳанузгача молиявий фирибгарлик ҳолатлари учраб туради.

Нурилло Тўхтасинов тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг