ФИФА ва УЕФА Россия миллий жамоаси ҳамда клубларини барча халқаро турнирлардан ҳайдади
ФИФА ва УЕФА ўзаро келишиб, Украинадаги ҳарбий вазият ортидан, Россия футболига жиддий санкциялар қўллади.
ФИФА футбол бўйича Россия миллий жамоаларини барча халқаро турнирлардан четлатди. Масалан, жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичида Польшага қарши тўп суриши керак бўлган Россия муддатидан аввал Қатар-2022 йўлланмасидан маҳрум бўлди.
УЕФА қўллаган чекловлар ҳам юқоридагидан қолишмайди: рус клублари ёппасига барча халқаро турнирлардан бадарға қилинди. Энди, масалан, Европа лигаси 1/8 финалида Москванинг «Спартак» клуби «Лейпциг» (Германия) билан ўйнамайди, немислар кейинги босқичда!
Шундоқ ҳам Польша, Швеция, Чехия, Албания, Ирландия, Швейцария ва Англия миллий жамоалари Россияга қарши ўйнашни истамаганди.
Ҳозиргача ФИФА Россияни «аяб», халқаро турнирларда давлат номи (ўрнига Россия футбол иттифоқи), байроғи ва мадҳиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилганди. Сўнгги зарба — энг кучли зарба...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter