Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фейсбук ва твиттерда саҳифаларим бор — Ҳоким

Фейсбук ва твиттерда саҳифаларим бор — Ҳоким

Андижон вилояти, Балиқчи туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича халққа ҳисобот берди. Ҳисоботдан сўнг туман Халқ депутатлари кенгаши ҳокимни саволга тутди.

— Ҳозирги вақтда аҳолини қийнаётган энг оғриқли нуқталардан бири — газ масаласида савол бермоқчиман. Туман маҳаллаларининг неча фоизи табиий газ билан таъминланган ва қанчасига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
— Туманда 36 мингга яқин хонадон бор, шундан 26 мингтасига суюлтирилган газ етказиб берилади, яна 10 мингта хонадон табиий газ билан таъминланган. Аҳоли қулайлиги учун газ балон ташийдиган иккита юк автомобили сотиб олинди. Шунингдек фуқароларга 34 мингдан ортиқ газ балонлари етказиб берилди. Оққўрғон маҳалласидаги кўпқаватли уйларга табиий газ линияси тортиляпти. Бу борада ишлар юришиб қолган, қувур масаласи ҳал бўлган ва тез кунларда табиий газ етказиб берилади.

— Мактабларда рақамлаштириш ва масофадан таълимга эътибор катта. Бунинг учун сифатли интернет керак бўлади. Шу масалада иш қандай кетмоқда?
—Қайси маҳаллага бориб, халқ билан учрашмайлик, ёшларнинг биринчи саволи шу бўлади — маҳаллага қачон оптик толали интернет етиб келади? Таъкидлаш жоиз, тумандаги 59 та мактабдан 23 таси оптик толали интернет билан таъминланган. 2021 йилда яна 33 та мактаб тўлиқ интернет билан таъминланади. Тумандаги энг чекка ҳудудларга ҳам интернет етказишни мақсад қилиб олганмиз, бу борада соҳа мутахассислари иш олиб бормоқда.

— Хусусий шифохона ва боғчалар самарали фаолият олиб бормоқда. Аммо умумий ўрта таълим макталари орасида хусусийси йўқ. Бу бўйича қандай режа бор?
— Маърузада ҳам айтилганидек, мактаблар масаласида дарҳақиқат давлат шерикчилиги асосида иш амалга оширилмаган. Яқинда туманда биринчи хусусий мактаб очилади, ҳозир қурилиш ишлари олиб бориляпти. Келаси йилнинг 1 сентябрида мактаб очилади. Икки ҳафта олдин вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда «Имомов академияси» лойиҳаси тақдим этилди. Унга кўра болаларни боғчадан тортиб олий таълим муассасасига қадар тайёрла берадиган хусусий тизим жорий этилади.

— Туман ҳокими сифатида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун нималар қилдингиз? Бозорда нарх сунъий равишда ошиб кетмайдими?
— Туманимиз катта ҳудудда жойлашган ва иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Саноат корхоналари қуриш энди бошланмоқда. Тумандаги 89 фоиз ерга пахта экилади. Қолган 564 гектар ер боғдорчиликка, 784 гектари эса сабзавотчиликка ажратилган. Шу сабабли туманда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи жуда муҳим. Режага кўра биз 4200 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулоти жамғаришимиз керак эди. Шундан 2200 тоннаси картошка бўлиши лозим. Туманда энг катта муаммо — картошка. Биз бу маҳсулотни четдан импорт қиламиз. Ҳозир омборларимизда 1800 тонна картошка бор. Яна 400 тонна олиб келиш учун тадбиркорларга кредит берилган. Бугунги кунга қадар лозим бўлган маҳсулотларнинг 80-85 фоизини жамғариб қўйганмиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак.

— Ёшлар ишлагани учун хорижга кўп чиқиб кетмоқда. Бу масалада фикрингиз қандай?
— Афсуски хорижга, хусусан Россияга кетган ҳамма ёшлар ҳам яхши иш топа олмайди. Шу сабабли карантин бошланган вақтдаёқ 17 гектар майдонда ёшлар боғи ташкил қилдик ва ёшларга 10 сотихдан бўлиб бердик. Бундан ташқари буғдойдан бўшаган майдондан ер ажратиб берилди. Шу йилнинг ўзида 700 дан ортиқ ёшларга турли дастурлар орқали тадбиркорлик ишларини бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Албатта ҳали ёшлар олдида қарзимиз катта.

— Туманда 178 нафар уйсиз аёллар бор. Уларга қандай ёрдам берилмоқда?
— Аслини олсак, ҳоким қабулига келаётганларнинг 50 фоизи уй-жой ва моддий ёрдам бўйича мурожаат қилади. Яхши ҳам саҳоватли инсонлар бор ва ҳомийлар кўмагида уй-жой билан таъминлашга интилмоқдамиз. Ўтган йили 20 та уй қуриб берилган эди, жорий йилда 6 та уй қурилди. Ногиронлиги бор, ёлғиз аёлларнинг 18 нафарига кўп қаватли уйлар учун дастлабки тўлов тўлаб берилди. 2021 йилда Балиқчи туманида ҳам худди Сардобада қурилгани сингари 4 та беш қаватли арзон уйлар тикланиши режалаштирилган. Умумий жиҳатдан 290 та оилани уйлик қилишни режалаштирганмиз.

— Туманда электр энергияси ўчиб қолиши ҳолатлари учраб турибди. Бу борада нималар қилмоқдасиз?
—Афсуски карантин туфайли ўз вақтида симёғочларни алмаштиришнинг иложи бўлмади. Аммо оғир аҳволдаги ҳудудларга 34 та янги трансформатор ўрнатилди. Қиш эрта келгани ва авариялар ноябр ойида маҳаллаларда кунига 4 соатдан 6 соатгача чироқ ўчиб турди. Ҳозир ҳаммаси изга тушган ва барча ҳудудларда чироқ ўчиши графиги тузилган. Энг чекка жойларда ҳам икки соатдан кўп электр энергияси ўчмаяпти. Тушунишингизни сўраган бўлардим, 25 йиллик муаммони дарҳол ҳал қилиш жуда қийин. Жорий йил 34 та трансформатор алмашган бўлса, келаси йил маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 та трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган.

— Туман қизил ҳудудда экан, аммо маҳаллий бюджет тушумлари режасидан 4 миллиард сўм орттирибсиз. Пандемия вақтида тадбиркорларга турли имтиёзлар берилди. Туманингиз қизил ҳудудга киритилган бўлса, тадбиркорларда имтиёз бўлса, 4 миллиард сўм пул қаердан келди?
— Ҳоким бўлганимга 2,5 йил бўлди ва бу вақт оралиғида 60 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди, 7 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Янги очилган корхоналар даромад солиғи тўлади. Бундан ташқари қишлоқ хўжалигидан тушум мавжуд. Боз устига йил бошида, ҳали пандемия бошланмай туриб туманга 101 миллиард сўмлик бюджет тушумини бажариш талаби қўйилганди, карантин туфайли ушбу талаб 75 миллиард сўмга туширилди. Шу сабабли бюджет даромадларини орттириб бажардик.

— Туман матбуот хизмати етарлича янгиликлар тарқатмаяпти. Бу бўйича нима дейсиз?
— Ахборот хизмати ишини яхшилашга ҳаракат қиляпмиз, мана янги матбуот котиби ишга олдик. Телеграмда туманимиз канали ишлаб турибди, бир ярим мингта обуначимиз бор. Шахсан ўзим Фейсбук, Твиттер ва бошқа ижтимоий тармоқларда саҳифага эгаман. Имкон қадар янгиликларни бериб боришга ҳаракат қиляпмиз.

— Туманда коррупция билан боғлиқ вазият қандай?
— Ўтган йили мансадбор шахслар томонидан коррупция билан боғлиқ ҳолатлар 12 та эди, бу йил 24 та жиноят фош этилди. Булардан 6 таси мулкни ўзлаштириш, 9 таси порахўрлик ва яна 9 таси савдо қоидаларини бузиш билан боғлиқ. Жиноятнинг олдини олиш учун тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Прокуратура ва адлия ходимлари айнан жиноят рўй берган идораларга кўпроқ эътибор беришди. Жиноятга сабаб — ҳуқуқбузарликнинг оқибатларини тушуниб етмасликдир. Шуни мансабдор шахсларга етказиш учун келгуси йилда туманда юридик маслаҳат хоналари очилади.

Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг