Депутатлар «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқулладилар
Бугун Қонунчилик палатасида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда нисбатан кўпчилик овоз билан қабул қилинди. бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз каналида хабар берди.
Янги қонун лойиҳасида фавқулодда ҳолатни жорий этиш ҳолатлари ва тартиби, фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқаруви органлари, фавқулодда вазият шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Янги қонунга кўра, фавқулодда ҳолат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки алоҳида маъмурий ҳудудларида жорий этилади.
Президентнинг бундай Фармони уч сутка мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига тасдиқлаш учун киритилади.
Президентнинг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги Фармони дарҳол оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим бўлади.
Маълумот учун: қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан учта ўқишда қабул қилинган тақдирда Сенатга юборилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter