«Фариданинг икки минг қўшиғи»ни кўрдим, афсус...
«Ўзбеккино»да таниқли режиссёр Ёлқин Тўйчиев режиссёрлигида суратга олинган «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмининг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу мен учун мутлақо кутилмаган фильм эди. Бирор марта рекламасини кўрмаганман, «Илҳақ» каби тарғиб қилинавериб, «мияга сингиб қолмаган». Тарихий фильм эканлиги эса, хаёлимга ҳам келгани йўқ!
Машҳур адиб Чингиз Айтматовдан, нега асарларингиз қаҳрамонлари овлоқ жойларда, одамлар кам ҳудудларда яшайди, деб сўрашганида, бундай жойларда инсон кўп ўйлайди-да, деб жавоб берган экан. «Фариданинг икки минг қўшиғи» ҳам худди шундай. Қаҳрамонлар кўп эмас, сюжет ҳам ўткир эмас. Фильм деярли жимжитликда кечади. Ва, эҳтимол, айнан шу қирралари билан ҳам у томоша қилишга муносиб! Шахсан мен учун «Фариданинг икки минг қўшиғи» – чинакам санъат асари! Уни қайта-қайта кўришни ният қилдим.
Додҳоҳнинг тўрт хотини бор. Улар турли ёшда. Бироқ фильмни кундошлар ҳақида деб бўлмайди. Бундай дейиш жуда тор тушунча бўлиб қоларди. Фильмда тақдирлар берилган, бироқ мутлақо бошқача йўсинда ёндашилган.
Қаҳрамонларнинг ҳаёти, ўй-хаёллари, айниқса Фариданинг изтироблари... қандайдир бошқача. Фильмда севги ҳам, хиёнат ҳам бор. Сиёсий тузум, ижтимоий борлиқ ҳам акс этган унда.
Хотимани қаранг: суюкли хотини додҳоҳни ўлдиради. Аммо юқорида айтганимиздек, у барибир изтироб чекишда давом этади. Бу кўзларида акс этади. Эҳтимол, бу бир умрлик пушаймонлик, ғам-андуҳ бўлар. Шундай жўн хулоса чиқарасиз: жаллод жаллодни ўлдирди!
Машҳур режиссёр Али Ҳамроев айтганидек, Ёлқин Тўйчиев беш йил мобайнида янги фильм ишлади. Монтажнинг ўзига етти ой вақт кетган. Фильмдаги додҳоҳ ролига узоқ йиллардан буён АҚШда истиқомат қилиб келаётган профессионал актёр Баҳром Матчонов муносиб кўрилган. Актрисалар Ильмира Раҳимжонова, Юлдуз Ражабова ва ёш актрисалар ҳам суратга тушган.
Ижрога гап йўқ, агар моҳирона ўйнай олишмаганида бу режиссёр ҳеч қачон уларни суратга олмаган бўларди. Яна шуни алоҳида уқтириш жоизки, хусусий киностудияларнинг бундай фильм ишлашини тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас. Улар аксар ҳолларда «конфет» излаш билан банд. Аслида кинони профессионаллар ишлаши керак, шарт экан!
«Фариданинг икки минг қўшиғи» роса томошабинбоп бўлишига кўзим етмайди. Энг афсус чекадиган томоним шунда! У – классик фильм. Классикани эса, ўзингиз биласиз, унча-бунча одам қабул қилавермайди.
Ёлқин Тўйчиевни навбатдаги дурдона фильми билан табриклаймиз!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter