Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш учун нима қилиш керак?

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш учун нима қилиш керак?

Фото: «Xs.uz»

Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим йил сифатида белгиланиб, ўзига хос ном берилди.

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш Давлат дастури» ишлаб чиқилиши арафасида экан, унда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида туркум фикр ва таклифлар бериб боришга қарор қилдик.

Тадбиркор учун тўғри ишлаш қонунни бузиб ишлашдан кўра осон бўлиши керак

2017 йилда Жаҳон банки ва Халқаро молиявий корпорация томонидан эълон қилинган «Doing Business-2018» рейтингида Ўзбекистон 74-ўринни эгаллаб, бир йил аввалги кўрсаткичдан 13 поғона юқорилган эди. Ҳисоботдаги 10та индикаторнинг яримида сезиларли ўсиш қайд этилгани рейтингда кўтарилишга асосий сабабчи бўлди.

Инфографикада кўриб турганингиздек, рейтинги кўтарилган индикаторларнинг аксариятида тадбиркорликка турли аралашувлар ва бюрократия таъсирининг нисбатан камайиши, яъни, автоматлаштирилган тизимларнинг жорий этилиши ўз таъсирини кўрсатган.

Хусусан, бизнесни рўйхатдан ўтказиш индикатори бўйича дунёда 11-ўринга кўтарилиб олишда 2017 йилнинг 1 апрелидан тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими жорий этилгани муҳим рол ўйнади. Бу тартиб корхонани интернет орқали ёки «ягона дарча» марказларида қисқа вақтда рўйхатдан ўтказиш имконини беради.

Бундан қандай хулосага келиш мумкин? Тадбиркорларга тўғри ишлашига йўл қўйилса, натижалар узоқ куттирмайди. Агар ўзгаришлар қилинмаса, нисбатан паст кўрсаткичлар сақланиб қолаверади (халқаро тижорат (168-ўрин), қурилишга рухсатнома олиш (135-ўрин) каби индикаторлар).

Юртимизда тадбиркорлик нима учун кутилган даражада ривожланмаяпти? Чунки бу соҳа вакилларини асоссиз равишда текшириш ҳолатлари кўп. Очиғини айтганда, тадбиркорликнинг эркин ривожланишига ўзимиз — давлат идоралари йўл қўймаяпмиз. Ҳеч кимга керак бўлмаган тартиб-таомиллар ҳамон сақланиб қолмоқда, жойларда кўпгина амалдорлар фақат ўз шахсий манфаатини ўйлаб иш кўрмоқда.

Шавкат Мирзиёев

Тадбиркор учун тўғри ишлаш қонунни бузиб ишлашдан кўра осон бўлса, у ҳеч қандай текширувчи органдан қўрқмайди. Лекин бизда қонунлар ўша текширувчи органлар томонидан ёзилади. Олий Мажлис депутатлари эса аксар ҳолларда тайёр қонунни тасдиқлаб беради, холос.

Шунинг учун, Олий Мажлис депутатларининг қонун тайёрлашдаги профессионал ролини ошириш зарур, айниқса, бюджет сиёсати, солиқ маъмурияти ҳамда текширувчи органлар фаолиятига доир қонунчиликда депутатлар ҳақиқатда қонунларни устида қаттиқ ишлаши лозим, тайёр қонунга юз фоиз овоз бериб қўявермасдан.

Қабул қилинажак давлат дастурида ушбу йўналишда кескин чоралар кўрилмаса, Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни сифатли ва тўлақонли амалга ошириб бўлмайди.

Ўйлаймизки, мутасадди раҳбарлар бу фикрларга беэътибор бўлишмайди.

Тадбиркор

 

Таҳририятдан: Ушбу мавзуда доирасида яна кимда қандай таклиф-мулоҳазалар бор? Марҳамат биз билан боғланиб, ўз фикрларингизни юборинг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг