Фаластиннинг БМТга аъзолиги бўйича резолюция: қайси давлатлар қарши овоз берди?
10 май куни БМТ Бош ассамблеясининг навбатдаги ташқари йиғилишида Фаластиннинг халқаро ташкилотга тўлақонли аъзолиги кўзда тутилган резолюция овозга қўйилди.
Ҳужжатни 143 давлат, жумладан, Ўзбекистон қўллаб-қувватлади. 25 та давлат овоз беришдан тийилди. АҚШ, Аргентина, Чехия, Венгрия, Исроил каби 9 та давлат ҳужжатга қарши овоз берди.
Кўпчилик овоз билан маъқулланган резолюцияга асосан БМТ Бош ассамблеяси Хавфсизлик кенгашига Фаластинни ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш ва унга қўшимча ҳуқуқлар беришни тавсия этган.
Ҳужжатда таъкидланишича, Фаластин БМТ Уставининг 4-моддасига асосан тўлақонли аъзолик мезонларига жавоб беради. Шунга мувофиқ у БМТ аъзолигига қабул қилиниши керак. Бош ассамблея Фаластинга истисно тариқасида халқаро ташкилот тузилмаларида иштирок этиш ҳуқуқини бериш лозим деб ҳисоблайди.
Ҳужжатда Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олиш билан боғлиқ 1967 йилда бошланган кампаниясини тўхтатиш борасида ҳаракатларни кучайтириш кераклиги ҳам уқтирилган.
Давлатларнинг БМТга аъзолигини ҳал этиш ваколати БМТ Бош ассамблеяси эмас, балки Хавфсизлик кенгашига тегишлидир. Шу боис Ассамблея Кенгашга тавсия йўлламоқда.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 18 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзолиги тўғрисида резолюция лойиҳаси юзасидан овоз бериш ўтказилган эди. Ўшанда Хавфсизлик кенгашининг 12 аъзоси ҳужжатни ёқлаб овоз берди. Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолди. Биргина АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда резолюция лойиҳасини йўққа чиқарди.
Мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган Исроил маъмурияти БМТга тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги уринишларни ҳам АҚШ каби иттифоқчилари кўмагида йўққа чиқариб келмоқда. 2011 йилда бўлиб ўтган овоз беришда ҳам шундай ҳолат кузатилган эди.
2012 йил 29 ноябрь куни БМТ Бош ассамблеяси Фаластинга кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллаганди. Ўшанда ҳам 138 давлат қўллаб-қувватланган ҳужжатга АҚШ қарши чиққан эди. Аммо Вашингтон Бош ассамблеяда вето ҳуқуқига эга бўлмагани боис ҳужжат қабул қилинганди.
Ғазо секторида қирғин давом этаётган бир пайтда Фаластин маъмурияти халқаро ҳужжатларда кафолатланган мустақил давлат тузиш ҳуқуқини талаб қилмоқда.
Ҳозирга қадар БМТга аъзо 193 давлатдан 139 таси Фаластинни мустақил давлат деб тан олган.
Яқин кунларда Испания, Ирландия, шунингдек, Мальта ва Словения Фаластин давлатини расман тан олиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter