Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтиёт бўлинг, фейк!

Эҳтиёт бўлинг, фейк!

Фото: «psyfactor.org»

Фейк хабарлар (ёлғон хабарлар) – молиявий ёки сиёсий фойда олиш мақсадида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида тарқалган нотўғри маълумотлардир.

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда янгиликларни ўқийди ва баҳам кўради. Бу, ўз навбатида, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг кескин ўсиши, рақамли контентни назоратсиз жойлаштириш ва кўпайтириш, ёлғон маълумотлар тарқалишининг  ошишига олиб келди. Қайси хабар ҳақиқат ва қайси бири ёлғон эканлигини аниқлаш ҳар доим ҳам осон эмас.

Тангани икки тарафи бўлгани каби расмий маълумот ўз вақтида берилмаслиги, ахборот етишмаслиги туфайли одамлар ҳар қандай янгиликка, фейкларга ишонишади. Бунинг ажабланарли жойи йўқ — ижтимоий тармоқлардаги оддий янгиликларга нисбатан провокацион хабарлар яшин тезлигида тарқалади. Янгиликлар лентасидаги ҳайқириқли сарлавҳалар ва шов-шувли фотосуратлар эътиборни тортади ва кўпчилик бундай янгиликларни ўқийди ва ўз яқинлари билан бўлишади. 

Масалан, 2022 йил февраль ойи бошларида Интерфакс «Толибон» Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларга замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан қуролланган 10 минг жангчи жўнатаётгани ҳақида ёлғон хабар тарқатганди. Ёки бўлмасам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги гўёки вакцина олганларга 750 минг сўмдан бераётгани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалганди. Юқоридаги янгиликлар расмий идоралар томонидан рад этилди. Ёлғоннинг умри қисқа бўлганидек, фейк хабар 3-4 кун яшайди, холос.

Ёлғон маълумотларнинг тарқалиш кўламини ҳисобга олган ҳолда, уларга қарши курашда тезкор ва самарали ечимларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Ўзбекистонда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик жорий этилган бўлиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 2446-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача  миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Пандемия даврида интернетдаги фейк хабарлар сони 10 баробарга ошди. Шу сабаб, Ўзбекистонда COVID-19 ҳақидаги сохта маълумотлар учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди.

Оммавий дезинформациянинг жамиятга салбий таъсири тадқиқотчиларни ёлғон маълумотларни таниб олишнинг янги усулларига мурожаат қилишга мажбур қилди.

Бугунги кунда бир қатор FakeBox, FightHoax, TrulyMedia, SocialTruth ва бошқа сервислар мавжуд бўлиб, улар  хабарни (муаллиф, сарлавҳа, манбаларга ҳаволалар, нашр этилган сана) лингвистик таҳлилини амалга оширишади. Тизимнинг ишлаши натижасида киритилган маълумотлар рост ёки нотўғри деб таснифланади.

Мутахасислар фикрига кўра. замонавий матн таснифлаш технологиялари дезинформацияни фильтрлаш жараёнини тезлаштириш ва қисман автоматлаштириш имконини беради. Бироқ, бир ихтисослашган сервисга ёки текшириш алгоритмига ёлғон маълумотни аниқлаш вазифасини  тўлиқ ишониб бўлмайди.

Фейкни қандай аниқласа бўлади?

Мутахассислар фейкни аниқлашнинг бир неча усуларини кўрсатиб ўтишган.

Янгиликни тўлиқ ўқиш. Биринчи навбатда, сарлавҳа мақола матнига мос келишига ишонч ҳосил қилиш керак. Кўпинча контекстдан юлиб олинган гап ортида ҳеч қандай сенсация бўлмайди.

Интернет-нашрни текшириш. Ушбу сайтнинг URL манзилига (тармоқ манзилига) эътибор бериш. Интернет-нашр ҳақида батафсил маълумотни кўриб чиқиш: рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги маълумотлар, таҳририят гуруҳи.

Асл манба кўрсатиб ўтилганми? Бу воқеани дастлаб ким хабар қилди — расмий органлар, нуфузли ташкилотлар ёки шубҳали номаълум экспертлар? Қўшимча манбалар ҳавола қилинганми? Бошқа манбалар томонидан тасдиқланганми?

Муалифни текшириш. Яна қандай мақолалар унинг қаламига тегишли? Интернетда у ҳақида бирон бир маълумот борми? У илгари нима ҳақида ёзган?

Холислик ва манфаатдорлик ҳақида ўйлаб кўриш. Янгиликлардаги ҳаддан ташқари эмоционаллик ёлғон хабар ёки сиёсий тарғиботнинг биринчи белгисидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг