Европа санкцияларни айланиб ўтишда Россияга ёрдам бераётганлар учун экспортни чеклаши мумкин
Европа айрим давлатларнинг Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётганига оид далилларни топса, уларга санкция қўйилган товарларни етказиб беришни тўлиқ тақиқлаш масаласини кўриб чиқяпти.
Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилган.
Шунингдек, Евроиттифоқ Россия орқали учинчи давлатларга санкция қўйилган товарлар транзитини тақиқлаш имкониятини ҳам муҳокама қилмоқда.
Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, баъзи товарлар йўлда «йўқолиб қоляпти» ва бу санкциялар бузилганлигини кўрсатади.
Financial Times газетаси 11 май куни Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган ва Россия орқали Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга етказилиши керак бўлган 1 миллиард долларлик товарлар йўлда «йўқолиб қолган»ини ёзган эди.
«Бу миқдор фақат Россияга олиб кириш тақиқланган иккиламчи мақсадли товарлар бўлиб, аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин», – дея таъкидлаган газета.
Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги ойларда бир қатор мамлакатларнинг Европа Иттифоқи билан савдоси кескин ошди. Аммо Евроиттифоқ минтақадан қанча товарлар жўнатилгани, қанчаси Россия орқали транзит ўтгани ва қанчаси манзилга етиб борганини ўрганмоқда.
«Шу сабабли, ЕИ санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш механизмини муҳокама қилмоқда. Келгусида Россия орқали транзитни тақиқлаш керакми ёки йўқ, деган масала ўрганилаяпти», – дейди Урсула фон дер Ляйен.
Bloomberg Евроиттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 11-раунди бўйича музокаралар олиб бораётгани ва унда учинчи давлатларни Россияга ёрдам беришдан бош тортишга мажбурлаш учун уларга қарши янги механизм яратиш масаласини муҳокама қилаётганини ёзди.
Нашрга кўра, биринчи босқичда Европа Иттифоқи Марказий Осиё ва Россиянинг энг яқин қўшниларига эътибор қаратади ва ҳозирча Хитойга тегмайди.
Reuters агентлиги эса 10 май куни Европа Иттифоқи Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўнлаб компанияларига нисбатан чекловлар тайёрлаётгани ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter