Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи Суриядаги сайловларни тан олмади

Европа Иттифоқи Суриядаги сайловларни тан олмади

Сурияда 26 майда бўлиб ўтган навбатдаги президентлик сайловларида Башар Асаднинг мутлақ ғалаба қозонгани, яъни 95,1 фоиз овоз тўплаб, қайта президент этиб сайлангани ҳақида хабар берилганди.

Сайловда Б.Асаднинг рақиблари, яъни мухолиф Ватанпарварлик ҳаракати вакили, Демократик араб социалистик иттифоқи етакчиси Маҳмуд Аҳмад Мураи 3,3 фоиз, Социалистлар иттифоқи партияси вакили, собиқ Парламент ишлари бўйича вазир Абдулла Салюм эса 1,5 фоиз овоз жамғарди.

Аввалига кампанияда иштирок этишни ният қилган 51 номзод ариза билан мурожаат этган эди. Бироқ уларнинг аксариятининг турли сабабларга кўра рад этилди.

Муаммо шундаки, сайловлар бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб эмас, балки фақат расмий Дамашқ назорат қилиб турган ҳудудларда кечди. Идлиб, Алеппо, Дейр аз-Зор мухолиф кучлар ва курд айирмачи отрядлари қўлида қолмоқда. Бу ҳудудларда АҚШнинг мингга яқин ҳарбий хизматчилари бўлиб, улар бу ерни тарк этишни истамаяпти.

Асад ўз ғалабасини «мамлакат тарихидаги янги давр», деб баҳолади ва асосий эътиборни қайта тиклаш ишларига қаратишини билдирди.

Сурия етакчисининг маслаҳатчиси Бусайн Шаабаннинг маълум қилишича, аҳолининг сайловларда бу қадар фаол иштироки, Ғарбнинг тескари тарғиботига қарамасдан, аҳоли ўз ҳукуматни кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Жозеп Боррель Иттифоқ Сурияда бўлиб ўтган сайловларни асло тан олмаслигини маълум қилди.

«Бу сайловлар эркин ва адолатли ўтгани йўқ. У можарони ҳал қилишга имкон бермайди. Суриядаги тузумнинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларини меъёрлаштиришга олиб келмайди. Шу сабабли биз бу жараёнларни тан олишимиз мумкин эмас», дея таъкидлади у.

Аслида март ойи ўрталаридаёқ, Германия, Италия, Франция ва АҚШ Суриядаги бўлажак сайловларнинг ҳалол ўтишини тан олишдан воз кечган эди.

Қолаварса, сайловга бир кун қолганда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия қўшма баёнот эълон қилди. Унда халқаро ҳамжамиятни ушбу сайловларни тан олмасликка чақиришди. Улар сайлов жараёнларида халқаро кузатувчиларнинг иштирок этмаганини асос қилиб кўрсатишди.

Туркия ҳам Асадни кўпдан бери ҳокимиятни топширишга чақиради ва сайловларни қонундан ташқари деб эълон қилди. Хориждан қўним топган суриялик мухолифат ҳам уни инкор қилмоқда.

Расмий Москва эса «Суриядаги сайловларнинг ноқонуний деб эълон қилиниши мамлакатнинг ички ишига аралашув ва қўпол сиёсий босим ўтказишдир» деб ҳисоблайди.

2012 йилда қабул қилинган мамлакат Конституциясига кўра, Президент ҳукумат билан биргаликда ижроия ҳокимиятини амалга оширади ва 7 йил муддатга сайланади. Номзод, шунингдек мусулмон вакили ва 40 ёшдан ошган бўлиши, бошқа давлатларнинг фуқароси бўлмаслиги лозим.

Башар Асад мамлакатни деярли 30 йил бошқарган отаси – Араб социалистик уйғониш партиясининг етакчиси Ҳофиз Асаддан ҳокимиятни қабул қилиб олган, 2000, 2007, 2014 йиллардаги сайловларда ҳам ғалаба қозонган эди. 2014 йилдаги сайловларда 88,7 овоз жамғаришга муваффақ бўлган.

Унинг олдидаги асосий вазифа сўнгги ўн йилдан буён давом этаётган урушга узил-кесил нуқта қўйиш, вайрон бўлган инфратузилмаларни қайта тиклаш, аҳолининг даромад топиш манбаларини яратиш, халқаро ҳамжамият билан «қайта тил топишиш» ва четда юрган 8 миллионга яқин (биргина Туркиянинг ўзида 6 миллион) суриялик қочоқларни ватанига қайтаришдан иборат.

Дилдора Шомуротова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг