Европа Исроилга талаб қўйди

Ғазодаги қочқинлар лагери бомбардимондан кейин. 2025 йил 7 май.
Исроил оғир вазиятда қолаётган Ғазо секторига инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилишни тўхтатиши керак. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас ҳамда комиссарлар номидан берилган баёнотда сўз боради.
“Икки ойдан зиёд вақт мобайнида Ғазо секторига инсонпарварлик кўмаги етиб бормади. Бу сектор дуч келган энг узоқ муддатли қамалдир ва бу жиддий хавотир уйғотмоқда. 2,2 млн аҳоли уч ой жон сақлашига етадиган тонналаб кўмак захираси чегарада кутмоқда. (Исроил томонидан) блокада бекор қилиниши билан озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ вазият тезда яхшиланиши мумкин. Оккупацияни амалга оширган давлат сифатида Исроил халқаро ҳуқуққа мувофиқ инсонпарварлик кўмаги эҳтиёжманд аҳолига етиб боришини таъминлашга мажбур”, – дейилади баёнотда.
ЕИ юқори мартабали мулозимлари таъкидича, инсонпарварлик кўмагидан қурол сифатида фойдаланиш халқаро ҳуқуққа зиддир.
Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан буён уруш олиб бораётган Исроил жорий йил 2 март куни бўлгага инсонпарварлик кўмаги ўтказишни яна қайта тўхтатган эди. Оқибатда ўзи шундоқ ҳам оғир вазиятда яшаётган ғазоликлар ҳаёти буткул ёмонлашган. БМТнинг ваколатли тузилмаларига кўра, Ғазо секторида очлик кенг ёйилмоқда.
Бинямин Нетаняҳу маъмурияти ҳудудга озиқ-овқат, сув ва бошқа бирламчи зарурий маҳсулотлар киришига тўсқинлик қилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил фаластинликларни Ғазо секторидан чиқариб юборишнинг сўнгги воситаси сифатида қабиҳ усул – очарчиликдан фойдаланмоқчи.
Исроил ҳукумати, шунигдек, Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш ва Фаластин ерида номаълум муддатда қолиш режасини тасдиқлади. Тель-Авив бу режани АҚШ президенти Доналд Трампнинг келгуси ҳафта Яқин Шарққа сафаридан кейин амалга оширмоқчи.
Европанинг олти давлати (Исландия, Ирландия, Люксембург, Норвегия, Словения ва Испания) ташқи ишлар вазирлари ҳам Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиётни кенгайтириш ва ҳудудда қолиш режасини қоралаб чиқди.
“Бу яна бир қизил чизиқни кесиб ўтиш ҳисобланади ва бу қадам янги тарангликни юзага келтиради ва зиддиятни икки давлат мавжудлиги асосида ечиш истиқболини хавф остида қолдиради”, – дейилади баёнотда.
Европа давлатлари ҳарбий амалиётнинг кенгайтирилиши Ғазодаги гуманитар бўҳронни янада чуқурлаштиришидан хавотир билдирган.
Ташқи ишлар вазирлари Исроилга Ғазо секторида жуғрофий ёки ҳудудий ўзгаришлар киритиш, аҳолини мажбурий кўчириш халқаро ҳуқуққа зид эканини ҳам эслатишган.
Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 52653 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг катта қисми болалар ва аёллардир.
Сўнгги ҳужумларда камида 59 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter