Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Исроил раҳбариятини шифохонага ҳужум борасида «троллинг» қилди

Эрдўғон Исроил раҳбариятини шифохонага ҳужум борасида «троллинг» қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил раҳбариятининг Эрон шифохонага ҳужум қилгани борасидаги танқидига жавоб берди. Эрдўғон Исроил армияси Ғазо секторида айни шундай ҳаракатларни содир этганини ёдга солар экан, ўзига хос усулда «троллинг» қилган.

«Бугун шифохоналари зарар кўрганидан шикоят қилаётган Исроил биргина Ғазо секторидаги тиббий муассасаларга 700 дан зиёд ҳужум уюштирди. Ғазода 21 ойдан буён замонамизнинг энг шармандали ваҳшийлиги рўй бермоқда. Ғазони дунёдаги энг катта концентрацион лагерга айлантирганларнинг ҳарбий жиноятлар ҳақида баҳс этиши нафақат тутуриқсизлик, айни чоқда, андишасизлик ва сурбетликдир», – деди Туркия раҳбари. 

13 июнь куни Исроил томонидан Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳужумлар уюштирилиши ортидан юзага келган уруш давом этмоқда.

19 июнь куни Исроил раҳбарияти Эронни шифохонага ҳужум уюштиришда айблади.

Яҳудий давлати расмийларига кўра, Эрон томонидан учирилган ракета Исроилнинг Беэр-Шева шаҳридаги «Сорока» шифохонасига бориб урилган ва оқибатда 84 киши жароҳатланган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу учун Теҳрон жавоб беришини таъкидлаган. Исроил спорт вазири Мики Зоар эса «Фақат энг қабиҳ одамлар шифохоналарни ўққа тутиши мумкин», деб баёнот берган.

Расмий Тель-Авив шифохонага ҳужумни умумият-ла кескин қоралаган.

Эрон томони шифохонага қасддан ҳужум уюштирилганини рад этди. Форс давлати расмийларига кўра, «Сорока» шифохонаси зарба тўлқинидан жабр кўрган бўлиши мумкин. Айни чоқда, Теҳрон «Сорока» шифохонаси ҳарбий мақсадда ишлатилгани ва у ерда ҳарбийлар даволанганини билдирган. 

Исроил раҳбариятининг ўз ҳудудидаги шифохона ҳужумга учрагани ортидан берган танқидий баёнотлари жаҳон матбуотида «иккиюзламачилик» деб баҳоланди.

Исроилнинг «Haaretz» нашри шарҳловчиси Йоав Гровейс ҳам ўз давлатини икки томонлама стандартларда айблаган.

«Бу ерда одамлар Ғазо секторидаги шифохоналар ўққа тутилишини зўр бериб оқлашди. Лекин бизнинг шифохоналаримиз ўққа тутила бошлагач, барча бирданига уруш қонунлари бузилаётгани ҳақида жар солмоқда. Биз худди ғирром ўйнаётган ва бизга тегиниб кетишса, ер ётиб олиб, «Қоида бузилди!» деб бақираётган ўйинчилардекмиз», – деб ёзган Йоав Гровейс.

Таҳлилларга қараганда, Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторидаги 36 та шифохонани бомбалаган.

Урушнинг илк кунларидаёқ «Ал-Аҳлий» баптистлар шифохонасига Исроил томонидан берилган ракета зарбаси оқибатида 800 нафардан зиёд бегуноҳ одам ҳалок бўлганди. Ўшанда Халқаро қизил хоч қўмитаси халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра шифохоналар дахлсиз эканини эслатганди.

Исроил Ғазо секторидаги шифохоналар ва бошқа фуқаролик объектларига танловсиз бомба ёғдиргани Ҳарвард университети олимлари томонидан ҳам тасдиқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус соғлиқни сақлаш масканлари яксон қилинган Ғазо ҳудудида одамлар бомбалардан ҳам кўра кўпроқ турли хасталиклардан вафот этаётгани ҳақида бонг урган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг