Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа автомобилдан фойдаланмаслик йўлларини изламоқда

Европа автомобилдан фойдаланмаслик йўлларини изламоқда

Фото: «Yandex.ru»

Европа шаҳарлари, жумладан, Париж, Берлин ва Милан пандемиядан сўнг велосипедчи ва пиёдалар билан дўстона муносабат ўрнатишни режалаштирмоқда, дея хабар берди «Lonely Planet».

Парижда бутун шаҳар бўйлаб 65 километр янги велосипед йўлаклари яратилди. Бу коронавирус туфайли келиб чиққан инқирозга қадар шаҳар мэри Анн Идальго томонидан ўйлаб топилган «Вело режаси»нинг бир қисми саналади. Унга кўра 2024 йилгача Франция пойтахти велосипедчилар билан дўстона муносабат ўрнатиши керак эди. Лекин энди лойиҳани амалга ошириш тезлашадиган бўлди.

Одамларнинг шахсий автомобиллардан велосипедларга ўтишини рағбатлантириш мақсадида 20 миллион евро ажратилди. Париж маъмурияти, шунингдек, шахсий автомобилларнинг шаҳардаги энг гавжум транспорт магистралларидан бири бўлган Рю де Риволига киришини тақиқлади. У фақат велосипедчилар, жамоат транспорти ва «Тез ёрдам» машиналари учун очиқ.

Берлин ҳам шунга ўхшаш чораларни қўлламоқда: одамларга ижтимоий масофани сақлашга ёрдамлашиш мақсадида вақтинча велойўлакчалар ташкил этилди.

Миланда «Strade Aperte» (Очиқ кўчалар) режаси амалда. У 35 километр шаҳар кўчаларини пиёдалар ва велосипедчиларга ажратишни назарда тутади.

Коронавирус туфайли чекловчи қонун-қоидалар жорий этилгандан бери Европа йўлларида автомобиллар сонининг камайиши аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатди. Энергия ва тоза ҳаво соҳасидаги тадқиқот маркази маълумотларига кўра, охирги ойларда ҳаво сифатининг яхшиланиши Европада ифлос ҳаво туфайли ўлим даражасининг пасайишига олиб келган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг