Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эшакка шафқатсиз муносабатдаги одамга жазо енгил бўлди(ми?)

Эшакка шафқатсиз муносабатдаги одамга жазо енгил бўлди(ми?)

Видеодан лавҳа

Ҳиндистонлик сиёсий арбоб Маҳатма Гандининг бир гапи бор: «Халқнинг буюклиги ва унинг маънавий ривожланиш даражаси бу халқнинг ҳайвонларга қандай муносабатда бўлиши билан белгиланади».

Эътибор берадиган бўлсак, барча ривожланган давлатларда ҳайвонларга муносабат яхши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан белгилаб қўйилган.

Европа Иттифоқининг барча мамлакатларида мушук ва итларнинг ҳуқуқлари ҳайвонларни шафқатсизликдан ҳимоя қилиш бўйича 1987 йилги конвенция билан ҳимояланган. Масалан, косметикани ҳайвонларда синаб кўриш тўлиқ тақиқланган. Баъзи мамлакатларда итни қуёшли кунда машинада қулфланган ҳолда қолдириб бўлмайди. Дания, Финляндия, Германия, Голландия, Норвегия, Швеция, Швейцарияда уйсиз итлар йўқ. Бу мамлакатларда анъанавий тарзда юқори даражадаги назорат (рўйхатга олиш, лицензиялаш), кенг кўламли қонунчилик, шунингдек, аҳолининг ижтимоий масъулияти мавжуд. Ушбу давлатларда стерилизация дастури кўча мушуклари популяциясига нисбатан қўлланилади.

Қонунлар

Голландия. Ҳайвонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун мавжуд. Циркда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш таъқиқланган. Дунёдаги уйсиз ҳайвонлар мавжуд бўлмаган биринчи мамлакат! Бунга эришиш учун ҳайвонларни йўқ қилишмади, балки уларнинг ҳуқуқларини жорий этишди, уй ҳайвонларига юқори солиқлар солиниши эса уларни боқишни ўйлаб кўришга туртки бўлди. 

Ҳайвонларга ёмон муносабатда бўлганлик учун қаттиқ жазолар берилди, яъни уч йил қамоқ ва 17 000 евро жарима. Ҳайвонларни оммавий стерилизация қилиш мажбурийдир.

Янги Зеландия. 2016 йил апрел ойида барча ҳайвонларда ҳиссиёт бор экани расман тан олинган. Ҳайвонлар устида тадқиқот ва тажрибалар ўтказиш тақиқланади. Ҳар қандай ёввойи ҳайвонни овлаш ва қўлга олиш ноқонуний ҳисобланади.

Буюк Британия. Ҳайвонларни шафқатсизликдан ҳимоя қилувчи биринчи қонун 1822 йилда қабул қилинган. Буюк Британиядан кўп ўтмай, кўпгина Европа мамлакатларида ҳайвонларни ҳимоя қилиш қонунлари қабул қилинади.

Британия парламенти Британия оролларида яшовчи 7 миллион ит, 8 миллион мушук, 650 минг от, 2 миллион қуён, паррандаларга ҳуқуқ ва эркинлик берди. Қонун ҳайвонлар эгаларининг қонунни бузганликлари учун қаттиқроқ жавобгарликни назарда тутади — катта жарималардан тортиб, қамоққа олишгача.

Германия. 2002 йилдан бери ҳайвонлар ҳуқуқлари Конституция билан ҳимояланган дунёдаги биринчи давлат ҳисобланади. Германияда  «Ҳайвонлар ҳимоячиси» касби тан олинган.

Италия. Ташлаб кетилган мушук ёки ит учун жиноий жавобгарлик мавжуд— бир йил қамоқ ва 10 минг евро жарима. Соғлом ҳайвонларнинг эвтаназияси бутунлай тақиқланган.

Туринда уй ҳайвонларини кунига уч мартадан кам сайрга олиб чиққан ит эгалари 500 еврогача жаримага тортилади, шаҳарда олтин балиқни пластик қопларда сотиш тақиқланади. Уй ҳайвонларига етарли даражада раҳм-шафқат кўрсатмаганлик учун 500 еврогача жарима солинади.

Австрия.  Товуқларни тор қафасларда сақлаш, чорва молларини қаттиқ арқонлар билан боғлаш, жиноят ҳисобланади.

Циркларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш қатъиян ман этилади —сиз итни занжирда ушлаб туролмайсиз, бу ҳайвонни ҳайратда қолдиради.

Испания. Дунёда биринчилардан бўлиб инсон ва ҳайвонлар ҳуқуқлари тенглаштирилди.

2008 йилда ҳар бир маймуннинг яшаш, эркинлик ва шафқатсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи тан олинган. Энди Испанияда маймунларни хусусий мулк объекти деб ҳисоблаш мумкин эмас, маймунлар устида тажрибалар ўтказиш, уларни цирк ва теледастурлар учун боқиш тақиқланган, ҳайвонот боғларида яшаш шароитлари жиддий равишда яхшиланган. Уларда циркда ҳайвон ўйнатиш, мўйна фермалари, балиқ овлаш ўрта аср ваҳшийлиги, шармандали ҳол ҳисобланади.

Ҳиндистон. Делфинлар ҳуқуқларини тан олган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Делфинлар «инсондек ҳиссиётларга бой мавжудот» сифатида кўтариб чиқилган. Уларни асирликда сақлаш мутлақо мумкин эмас. Бундан ташқари, Ҳиндистон Жанубий Осиёда косметика ва ингредиентларни ҳайвонларда синаб кўришни тақиқлаган биринчи давлат бўлди.

Швейцария. Ҳайвонлар ҳуқуқлари соҳасида Европанинг етакчи давлати. Қонун ёввойи ва уй ҳайвонлари билан муомала қилишни батафсил тартибга солади. Масалан, агар бирор жонивор бировнинг айби билан яраланган бўлса, судя айбдорни ветеринария шифокорида даволаниш учун ҳақ тўлашга мажбур қилиши мумкин, ҳатто бу харажатлар ҳайвоннинг қийматидан ошиб кетган бўлса ҳам.

Боливия. 2009 йилда уй ва ёввойи ҳайвонлар иштирокида цирк ўйинларини тақиқловчи қонунни қабул қилган биринчи Лотин Aмерикаси давлати бўлди. Циркларда ҳатто каптар, ит ва отлардан фойдаланиш таъқиқланади. 

Чехия. Aгар фуқаролар ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ёлғиз итни кўрганлиги ҳақида хабар беришса, қаровсиз ҳайвонларни назорат қилиш хизмати дарҳол итни бошпанага юборади. У ерда ҳайвонда чип ёки татуировка бор-йўқлиги текширилади, чипда унинг рақами кўрсатилган. Агар чип бўлса, у ҳолда эгасини қидириш бошланади, агар бўлмаса, ит бошпанада қолади ва унинг фотосуратлари шаҳар полициясининг интернет саҳифаларида жойлаштирилади. 

Америка. Уйсиз ҳайвонлар билан боғлиқ вазият ҳали ҳам қийин. Aммо «Ҳайвонларни стерилизация қилиш қонуни» қабул қилинган, унга кўра эгасиз бўлган барча ҳайвонлар жарроҳлик стерилизациясидан ўтиши керак. Истисно фақат чемпион ҳайвонлар ва кўргазмалар ғолиблари, полиция ва гид итлари, шунингдек селекционерлар томонидан ишлатиладиган ҳайвонлар учун қўлланилади. Қонунга риоя қилмаслик 500 долларгача жарима билан жазоланади, бепарволик қилган эгаси 40 соатгача мажбурий меҳнатга юборилиши мумкин. Бундан ташқари, сиз 9 дан ортиқ ҳайвонга эга бўлолмайсиз.

Греция. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун 2012 йилда қабул қилинган. Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 15 000 еврогача жарима билан жазоланади.

Ҳайвонларни ўғирлаш 6 ойгача қамоқ ва 3000 евро миқдорида жарима билан жазоланади.

Жазолар

Германия. Уч йилгача қамоқ ёки 25 минг евро жарима.

Буюк Британия. Беш йилгача қамоқ ёки 5000 фунт стерлинг миқдорида жарима солинади.

Италия. Бу мамлакатда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга уч йилгача қамоқ ёки 3-160 минг евро жарима тўланади.

Франция. Икки йилгача қамоқ ёки 30 минг евро жарима...

Биздачи?

Ижтимоий тармоқларда икки эркак вояга етмаган бола кўз ўнгида эшакларнинг бўйни ва бошига қаттиқ зарба бериб азоблагани видеоси тарқалганди.

Расмий хабарларга кўра,  ҳайвонларга озор берган ота-ўғил жавобгарликка тортилган.

Маълум қилинишича,  ҳайвонга озор берганлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисми (вояга етмаган шахс ҳозирлигида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ёхуд ҳайвонларнинг майиб бўлишига олиб келиш) билан айбдор деб топилиб, унга 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Воқеанинг иккинчи иштирокчиси — судланувчининг ўғли Б.С. вояга етмагани учун унинг хатти-ҳаракати учун ҳам отаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (270 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексига ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган ўзгартиришлар ўтган йили 27 ноябрдан кучга кирди. Тегишли қонун президент томонидан 2021 йил, 25 август куни имзоланганди.

Жиноят кодексининг 202-1-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келган ҳаракатлар шундан ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (6,75 миллион сўмдан 13,5 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) санкцияси ҳам 27 ноябрдан кучайтирилди.

Унга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, маъмурий ва жиноий қонунчиликка ушбу ўзгартиришларни киритиш борасидаги лойиҳа Бош прокуратура томонидан 2020 йилнинг ноябрида муҳокамага қўйилган эди. Мазкур таклиф тайёрлаш ташаббуси «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти томонидан илгари сурилган.

Юқоридаги эшак билан боғлиқ воқеада эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс моддалари қўлланилган.  Унда айтилишича, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Хўш солинган жарима, яъни 270 минг сўм БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача бўлган маблағни ташкил қилаяптими?  Интернет фойдаланувчилари иддао қилишаётгандек бу жазо жуда  енгил жазо эмасми? Демак савол туғилади, бундай енгил жазо билан қутулиб қолган одам яна такрорламаслигига кафолат борми? Ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келсагина, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишини ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишини кутишимиз керакми. Мана шундай қийноққа солган одамни дастлаб маъмурий жазо қилмасдан биратўла жиноий жавобгарликка тортса бўлмайдими? 

Хўш, савол. Эшакнинг аҳволи бугун қандай ҳолатда? Ундан аламини олиш учун уни бира тўла, энди кўрсатмай қийнашмаяптими? Хорижда ҳайвонларга шавқатсиз муносабатда бўлишса ўша фуқародан жонивор олиб қўйилади, бизда шундай қонун борми?

Бўлмаса шундай қонуний ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланиши мақсадга мувофиқдир. Токи, Япониядагидек одамлар кўчадан эгасиз ҳайвон топиб олишса, ўзларини бахтли ҳис қилишсин. Чунки уларда қонун шу қадар кучлики, ҳар бир ҳайвонни боқишдан олдин масъулиятини, шароитини, меҳр бера олиш олмаслигини ҳисобга олишаркан. Бизда эса бу ҳақда орзу қилишга ҳам анча борга ўхшайди.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг