Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Нетаняҳунинг Эронга ҳужумдан кўзлаган мақсадини очиқлади

Эрдўғон Нетаняҳунинг Эронга ҳужумдан кўзлаган мақсадини очиқлади

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Эронга ҳужум уюштиришдан кўзлаган асосий мақсади халқаро ҳамжамият эътиборини Ғазодаги геноциддан чалғитишдир, деб ҳисоблайди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия етакчиси бу ҳақда Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ билан телефон орқали мулоқотда таъкидлаган.

Эрдўғон Исроилнинг Эронга қарши ҳужуми минтақа хавфсизлигига катта таҳдид экани, ядро дастури муаммосини дипломатик музокара йўли билан ҳал этиш лозимлигини қайд этган.

Мулоқот давомида Ғазо секторида давом этаётган хунрезлик яна бир карра қораланган.

13 июнь тонгида Исроил армияси томонидан Эрон ҳудудига ҳужум уюштирилгани ортидан Тель-Авив ва Теҳрон амалда реал уруш ҳолатида қолмоқда.

Шарқшунос Руслан Сулаймонов ҳам Германиянинг DW радиосига берган интервьюсида Исроилнинг ҳужумидан кўзланган мақсад дунё ҳамжамияти эътиборини Ғазо секторидан бошқа ҳудудга йўналтириш деган фикрни илгари сурган.

“Сўнгги вақтларда (Франция президенти Эмманюэль) Макрон, (Германия канцлери Фридрих) Мерц ва европалик бошқа сиёсатдонлар Ғазода кўп сонли тинч аҳоли вакиллари ўлими сабаб Нетаняҳуни очиқ танқид қила бошлаган эди. Эндиликда бу (Ғазо масаласи назарда тутилмоқда – таҳр.) кун тартибидан тушди. Шубҳасиз, бу вазиятдан энг кўп фойда кўраётган шахс Нетаняҳудир”, – дейди Руслан Сулаймонов.

Экспертнинг фикрича, Исроил бош вазири Ғазо секторидаги ҳаракатлари сабаб танқидлар кучайган пайтда вазиятни беқарорлаштириш усулидан аввал ҳам фойдаланган.

Нетаняҳу Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлар экан, Теҳрон ядро қуроли яратишга жуда яқин келиб қолганини иддао қилган. Эрон раҳбарияти бу иддаони рад этиб, тинч мақсадга қаратилган ядро дастурига эга бўлиш унинг суверен ҳуқуқини эканини айтмоқда.

Яқин Шарқ бўйича мутахассис, сиёсий фанлар доктори Ори Голдберг “Ал-Жазира” нашрида чоп этилган мақоласида Тель-Авивнинг Теҳрон ядро қуроли яратишга яқин қолгани ҳақидаги даъвосини тасдиқловчи бирор далил йўқлигига эътибор қаратган

Ори Голдберг ҳам Эронга қарши амалиёт сабаби сифатида “дунё диққат-эътиборини Ғазодаги мисли кўрилмаган оғир вазиятдан чалғитиш”ни кўрсатган.

“Ғазодаги геноцид уруши фонида Нетаняҳу маъмурияти (вазиятдан чиқиш учун) вариантлар тугаётганини яхши билар эди. Бинобарин, халқаро ҳамжамият, шунингдек, минтақавий иттифоқчилар ҳам Исроилни очиқ танқид қилишга тушганди. Айрим давлатлар бир томонлама чоралар кўришга, жумладан, Фаластин давлатини тан олишга ҳозирлик кўраётганди... (Эронга қарши уруш) Исроилнинг дунёни ўз атрофида бирлаштиришга қаратилган уринишидир. Бу эса Исроил давлати унга берилган мутлақ жазосизлик ваколатидан маҳрум этилаётган паллага тўғри келмоқда”, –  дейди Голдберг.

Сиёсатшунос Эронга қарши уруш бошлангач, Нетаняҳунинг ички мухолифлари ҳам уни дастаклаётгани, демакки, у мақсадига етганини қайд этган. 

Маълумот ўрнида: Исроил Эронга қарши уруш билан параллел равишда Ғазо секторига ҳужумларни ҳам давом эттирмоқда. Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, сўнгги кунларда ҳам Ғазо секторида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 55432 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Фаластин томони Исроил–Эрон ихтилофи фонида халқаро ҳамжамият Ғазодаги қурбонлар ва гуманитар ҳалокатга эътибор қаратмаётганидан норози.

Тель-Авив ва Теҳрон эса ўзаро ракета зарбалари беришда давом этмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга ядровий қуролга эга бўлишга уринишдан воз кечиш бўйича битимни имзолаш учун “сўнгги имконият”ни таклиф қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг