Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оғир турмуш машаққатларини енгаётган «Тенгиз»лар...

Оғир турмуш машаққатларини енгаётган «Тенгиз»лар...

Тенгиз образи прототопи Манзура Эрниязова.

Бир қадар маҳзун, контрастларга бой, аммо тошни ёриб чиққан майсадек умидбахш «Тенгиз» фильмини кўпчилик томоша қилган. Тенгиз образи прототопи Манзура Эрниязова эса Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида яшайди.

Кўп йиллар бурун бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёқ-қўлидан ажралган Манзура опа инсон иродасини чеклаб бўлмаслиги, одамзот ўз ботиний қувватини жамлаб олса, ўз тақдирини, ўз ҳаётини ўзгартиришга қодир эканини ҳаётда исботлаб келаётган метин аёл. Бир пайтлар ишни бир қўлда миллий либослар тикишдан бошлаган Манзура опа Президент Халқ қабулхонаси кўмаги билан бугун ўз кичик корхонасига, кийимларни кимёвий тозалаш ускунасига, энг асосийси ўзи ишига ва даромад манбаига эга.

Шу боис ҳам унинг матонати тасвирланган Тенгиз образи бугун нафақат ногиронлиги бор, балки тўрт мучаси соғ бўла туриб оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган кўплаб инсонларга-да қўшимча мотивация бергани рост. Шу боис Тенгиз образи ҳаётнинг оғир машаққатларини енгиб ўтиб, давлатимиз ёрдами билан катта йўлга чиқиб олган, ўзи учун барқарор ризқ-насиба манбаини ўзи бунёд этаётган Инсон тимсолига ҳам айланган.

Оролбўйининг энг олис, чекка овулларида бўлганимизда, абгор турмуш машаққатларини енгиб ўтаётган кўплаб тенгизларни учратдик. Уларнинг қисмат йўллари чигал-у турфа бўлса-да, манзили бирдек ёруғ. Бу инсонларни давлат қўлловига таянч, эртанги кунга ишонч ва албатта фаровон ҳаётга интилиш, ният, сўз ва амал якдиллиги бирлаштириб турибди.

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Оролбўйи аҳолисидан энг кўп мурожаатлар иш билан таъминлаш, ижтимоий нафақа белгилаш, банк кредитлари ажратиш масаласидадир. Бу уч масаланинг илдизи битта – барқарор даромад манбаининг йўқлиги. Оқибати эса маълум – йўқчилик, камбағаллик.

Шу боис Оролбўйида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ўзини ўзи эплаб кетиши, доимий иш ўрни ва ризқ-насиба манбаига эришиши учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.  «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури бўйича 30 минг 848 та лойиҳага 840 миллиард 832 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилган.

Айнан шундай кредитлардан оқилона фойдалана олган инсон – бу берунийлик Нигора Қўзибоева. У ҳам, тақдир экан, 9 йил аввал турмушдан ажрагач, икки фарзандини улғайтириш, рўзғор тебратиш машаққатини елкасига олди. Аввал уйда тикувчилик қилди, чевар сифатида танилди. Сўнг тикувчилик корхонаси очиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатидан кейин бу аёлга ўзи яшаётган Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини биносидан бир хона беғараз ажратилди, 28,5 миллион сўм кредит берилди. Нигора бу пулга тикув машиналари сотиб олиб, шу йил аввалида иш бошлади, 6 нафар хотин-қизни ишли қилди. Масъуллар ҳамиша унинг фаолиятини ўрганиб, муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериб борди.

Ҳозир мўъжаз корхонада барча фасл учун либослар тикилмоқда. Бу ерда оддий аёллар кўйлагидан то куртка-ю пальтогача топиш мумкин. Нигора Қўзибоева ишнинг кўзини билгани учун ҳам бу йил «Йил аёли» миллий танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида «Энг фаол ишбилармон аёл» номинацияси ғолиби бўлди. Ишлари юришиб кетган аёл яқинда ер ҳам сотиб олди. Икки қаватли тикувчилик корхонаси қуриш учун пойдевор ташлатди.

Тўрткўллик 31 ёшли Гулноза Бекчанова анчадан бери бичиш-тикиш билан шуғулланарди. Буюртмалар кўпайгач, ишини кенгайтирмоқчи бўлди-ю, имкон тополмади. Биргина мурожаат Гулнозахоннинг наинки муаммоларини ечиб берди, балки уни каттароқ мақсадларга ҳам ундади.

Яқинда Гулнозахонга мурожаатидан сўнг ажратилган 33 миллион сўм кредит эвазига ўз уйида кичик тикувчилик цехи ташкил қилиб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 5-6 нафар хотин-қиз шу ерда ишли бўлди, ўнлаб аёллар эса ҳунар ўрганмоқда. Улар асосан замонавий парда, дастурхон ва кўйлаклар тикмоқда. Унинг айтишича, олинажак даромад ҳамма харажат – маошу кредит тўлови, ҳатто рўзғор камини тўлдиришга ҳам бемалол етмоқда. Бир ҳаракатга ўн баракат деганлари шу бўлса керак.

Сурхондарёлик экспортёр ҳунарманд Жумагул Ёрматова эса яқинда Элликқалъа туманига келиб, Халқ қабулхонаси ва секторлар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича каттагина лойиҳа бошлаганига гувоҳ бўлдик. Бу аёл ўн йилдан бери Сурхондарёда ипак, пахта толаси, қўй ва туя юнгидан калава олиб, гилам тайёрлайди. Уларга рўян илдизи, заъфарон уруғи, пиёз, ёнғоқ ва анор пўстлоқлари билан ранг берилади. Юз фоиз табиий маҳсулотдан тайёрланган гиламлар асосан Германия, Франция, Россия, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатларга экспорт қилинади.

Жумагул опанинг корхонаси бир ойда ўртача 300 квадрат метр гилам тайёрлашга улгурмоқда, хориждаги ҳамкорлар эса ойига минг квадрат маҳсулот сўраб турибди. Шунинг учун ҳам опа жорий йилнинг ўзида Элликқалъада камида 200 та хотин-қизнинг ўз уйида шу иш билан банд бўлишини таъминлашни мақсад қилган.

Берунийлик 27 ёшли Энажон Матдурдиева аёллар учун бир оз ноодатийроқ касб – темирчилик билан шуғулланиб икки фарзандини улғайтирмоқда. У ишни аввал темир дарвозаларга бўёқ сепишдан бошлаган. Сўнг темир кесиш-у пайвандчиликни ҳам ўрганган. Энажоннинг мурожаатидан сўнг унга пайвандлаш ускунаси олиб берилди, кредит ажратилди ва у яқинда мана шу бир хонада ўзининг кичик цехини ташкил қилди.

Энажон ёнидаги бошқа усталарнинг ҳам дарвоза-эшикларини бўёқлаб бериб, ойига 3-4 миллион сўм ишлаб топади. Айтишича, бу маблағ унга етиб турибди. Ўзи ясаган маҳсулотлардан келган даромадга эса яна темир хомашёси сотиб олиб, эшик-дарвозалар турини кўпайтирмоқда. Асосий мақсади – шу йўналишда ўзининг катта корхонасини ташкил қилиш.

63 ёшли Ойгул Абдуллаева эса Тўрткўлнинг «Шодлик» маҳалласида яшайди. Ўтган йили бу аёлнинг ўзи ҳам ишсиз, доимий даромад манбаида йўқ эди. Унинг ҳам мурожаатидан сўнг, уйида иссиқхона қилиши учун шароит яратиб берилди, ёрдам кўрсатилди, кредит ажратилди. Аёл дастлаб 3 сотихча ерда иссиқхона қуриб, гул парваришлашни бошлади. Гуллар турию сонини кўпайтирди. Ҳозирда мана шу мўъжаз иссиқхонада 100 турдан зиёд гул барқ уриб турибди. Давлатимиз ёрдами билан бошланган  кичик иссиқхона бамисоли ризқ-бараканинг қайнар хумчасига айланган: бир томондан гул пулга айланаверади, яна гуллар ўсаверади. Шунинг учун бу йил Ойгул опа яна 2,5 сотих ерда иссиқхона қурдирди: ҳозирда саримсоқ, укроп, помидор-бодринг ва бошқа кўкатлар экилган. Муҳими, аёлнинг ўзи ҳам, келини-ю қизи ҳам ўз уйида ишли бўлди, доимий ризқ-барака манбаига эришди.

Ҳа, давлат қўлловига таянч ҳар бир инсоннинг эртанги кунга, адолат ва ҳақиқат куч-қудратига ишончини янада мустаҳкамлайди. Истаймизки, келгуси йилда ана шундай хайрли ишлар салмоғи кенгаяди, зеро, бугун баъзи ҳудудларда кредит ололмай ёки мурожаати тингланмай сарсон-саргардон бўлиб юрган ҳамюртларимиз юқоридаги тенгизлар қаторидан жой олади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг