Энергетика тизимидаги ходимларга нисбатан 25 та жиноят иши қўзғатилган – вазирлик
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) ва Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзнефтгазинспекция) томонидан қонунбузилишларни аниқлаш юзасидан тегишли ишлар олиб бориляпти, дея хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Жумладан, 2019 йил 1 август ҳолатига кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 1,9 млрд зарар етказилганлик ҳолати бўйича энергетика тизимидаги қуйи ташкилотлар ишчиларига нисбатан прокуратура томонидан 25 та жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «талон-тарож қилиш», «фирибгарлик», «электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш»,«мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «сохталаштириш» ва бошқа моддалари бўйича қўзғатилган.
Энергетика тизимидаги қуйи ташкилотларнинг айбдор шахсларига нисбатан озодликдан маҳрум этиш (3 киши), ахлоқ тузатиш ишлари (2 киши), жарима (1 киши) ва бошқа жазо чоралари тайинланди.
Ҳозирги вақтда етказилган зарардан 116,3 млн сўми энергетика тизимидаги қуйи ташкилотларнинг ҳисоб-рақамларига қайтарилган.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 21,1 млн сўм миқдорида зарар етказганлик ҳолати бўйича Зирабулоқ магистрал газ тармоғи бошқармасининг 2 нафар ходимига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter