Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энергетик менежмент: пул интизомни яхши кўради

Энергетик менежмент: пул интизомни яхши кўради

Тежаб ишлатмасак, чироқсиз ўтирамиз...

Ҳар бир фуқаро ўзи сарф қилган сув, газ ва электрнинг ҳисобини билиши зарур. Электр энергияси бозори ҳозирги пайтда бутун дунёда энг кўп капитал талаб этувчи бозорлардан бири бўлиб турибди. Кўплаб ривожланаётган мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам катта ҳажмда энергия талаб қилувчи ишлаб чиқаришларнинг кўпайиши ортидан унга бўлган талаб кескин кўтарилиб кетмоқда.

Мамлакатимизда энергия нархлари Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари, аниқроғи, ажратилаётган субсидиялар эвазига ушлаб турилгани билан унинг таннархи муттасил ўсмоқда.

Нархлар ошиши оила бюджетимизга таъсир қилмаслигининг ягона йўли – ҳаммамиз уни назорат қилишга, шу орқали тежашга ўрганишимиз лозим. Электр энергия харажатларини камайтиришдан энг аввало якуний истеъмолчининг ўзи, қолаверса, давлат ҳам манфаатдордир.

Ҳозир дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борада алоҳида тизим шаклланган. Масалан, Европада «энергетик менежмент» деган тушунча бўлиб, уй хўжаликлари энергия ресурсларини сарфлашда турли замонавий воситалар ва усуллардан фойдаланишади. Турли-туман тарифлар, энергия тежаш дастурлари, «қиммат энергия соатлари»да уни камроқ ишлатиш, уйдаги энергия сарфини реал вақт режимида кўриб туриш сингари инструментлар тобора оммалашиб бормоқда.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази яқинда ўтказган тадқиқотлар натижаларига кўра, респондентларнинг 50 фоиздан ортиғи ўз хонадонида бир ойда қанча электр энергияси сарфланиши ҳақида билмайди.

Дарҳақиқат, халқимизда «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» деган мақол бор. Биз нафақат ўз оилавий бюджетимиз, балки бутун мамлакат иқтисодиёти ва келажагига таъсир қилувчи бу муҳим масалага аксарият ҳолларда шунчаки эътиборсизлик билан қараймиз.

Ривожланган мамлакатларда эса энергия ресурслари сарфини уй хўжаликлари даражасида қатъий назорат қилиш, «энергетик менежмент»ни оила бюджетининг асосий шартига айлантириш, бу жараёнга «ақлли мониторинг» усулларини фаол жорий қилиш орқали мамлакат миқёсида 30-40 фоизгача тежамкорликка эришиш мумкинлиги аллақачон исботланган.

Хўш, ушбу ҳолатда ҳозирнинг ўзида ишни нимадан бошлашимиз мумкин?

– Аввало, барчамиз «Бир ойда қанча газ, қанча электр энергияси ёқяпмиз, қанча сув ишлатяпмиз?», деган саволга аниқ жавобга эга бўлишимиз лозим. Агар масалага жиддийроқ ва масъулият билан ёндашсак, хонадонимиз қайси ойда, ҳатто куннинг қайси соатларида кўпроқ энергия ресурслари сарфлашини ҳам назорат қилишимиз мумкин. Бундай қатъий назорат биринчи навбатда ўзимиз, чўнтагимиз учун керак.

– Энергия ресурслари сарфини аниқ ва тўғри ҳисоблайдиган, замонавий ҳамда инновацион ечимларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Онлайн режимда энергия сарфини кузатиш инструментлари, турли иловалар ҳамда сервислардан фойдаланишни рағбатлантириш лозим.

– Барчамиз учун «энергетик менежмент»га ўрганиш вақти келди. Бекорга оқиб ётган сувни беркитиш, кечасию кундузи шунчаки ёниқ турадиган чироқларни ўчириб юришга ўрганиш, ўз «Уй хўжалигимиз ҳар куни, ҳар ой қанча электр ва газ сарфлаяпти, нега бу сафар бирдан кўпайиб кетди?!» каби саволларни доимий ўзимизга бериб туришга ўрганишимиз ана шундай «ақлли мониторинг» намунасидир.

Бу ишлар биздан маблағ сўрамайди, катта ташвиш туғдирмайди, шунчаки биздан бир оз масъулиятли бўлиш талаб этилади холос.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг