Энди ишхона ҳисобидан саёҳатга чиқиш мумкин
2022 йил 1 июндан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади.
Бунда саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.
Бу ҳақда 30 апрель куни имзоланган «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сўз боради.
Шунингдек, қуйидагилар «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ички туризмни ривожлантириш учун масъул этиб белгиланган:
- ёшлар, айниқса, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун туризмнинг тарихий билим берувчи, маданий-кўнгилочар, экстремал, экологик, этно- ва пляж туризми турлари бўйича – Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги;
- меҳнат, маҳаллалар жамоалари учун туризмнинг ишбилармонлик, экстремал, экологик, агро-, этно- гастрономик турлари бўйича – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги;
- хотин-қизлар учун туризмнинг зиёрат, маърифий, ижтимоий, маданий-кўнгилочар, экологик, этнотуризм турлари бўйича – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги;
- фахрийлар, нуронийлар ва пенсионерлар учун туризмнинг зиёрат, тиббиёт, соғломлаштириш туризми турлари бўйича – Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва «Нуроний» жамғармаси.
Мазкур масъул ташкилотлар ўз йўналишлари бўйича ҳар йили иш берувчилар билан биргаликда ходимлар республика бўйлаб саёҳатга чиқиши учун саёҳат графикларини тасдиқлашни ҳамда саёҳатни амалга оширишни таъминлаши керак.
Дастур доирасида ички туризмни ривожлантиришни мувофиқлаштириб бориш учун масъул этиб Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter