Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди эски электр ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун истеъмолчи ҳақ тўламайди

Энди эски электр ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун истеъмолчи ҳақ тўламайди

Фото: «Sputnik»

Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди, деб хабар бермоқда «Норма».

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январь ойида янги Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари қабул қилинган эди. Унда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан фақат замонавий ҳисобга олиш приборлари, яъни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) интеграция қилинган приборлар қиёслашдан ўтказилиши айтилган. Бундан  замонавий талабларга жавоб бермайдиган ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш учун тўловни истеъмолчи (мулкдор) мустақил равишда амалга ошириши белгиланган эди.

Янги қабул қилинган ҳужжат вазиятни ўзгартирди. Энди ҳар қандай ҳисобга олиш приборини даврий ва режадан ташқари қиёслашдан ўтказиш ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳисобидан амалга оширилиши тўғридан-тўғри кўрсатилган. Бунинг учун истеъмолчи тўловни амалга ошириши айтилган барча нормалар Низомдан чиқариб ташланди.

Фақат приборга истеъмолчи айби билан шикаст етказилган тақдирда тўловни амалга оширишга тўғри келади.

Бундан ташқари, аввал қабул қилинган қарорларга мувофиқ ЭҲНАТни жорий этиш доирасида ўрнатилган ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш 10 йилни ташкил этиши айтиб ўтилган. Бошқа приборларни қиёслашдан ўтказиш, илгаригидек, 4 йилни ташкил этади.

Электр тармоқларининг ваколатли ходими Мажбурий ижро бюроси вакили иштирокида ҳисобга олиш приборини қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олади. Бунда ҳисоблагич ва пломбаларнинг бутлиги текширилади ва бу ҳақда 4 нусхада далолатнома тузилади (бир нусхадан истеъмолчига, ҳудудий электр тармоқларига, Мажбурий ижро бюросига ва метрология хизматига такдим этилади). Ҳисоблагич қайта ўрнатилганда эса – 3 нусхада далолатнома тузилади, қўшимча равишда истеъмолчига ҳисобга олиш приборининг қиёслашдан ўтганлиги ҳақидаги сертификатнинг асл нусхаси берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг