Эмине Эрдўғон «меҳнат ва сабр-тоқат уйғунлигида яратиладиган мўъжиза» ҳақида гапирди
Туркия президенти мажмуасида «Асрлик таъмлар тўқнашуви: етти минтақада турк таомлари» кўргазмаси очилди. Тадбир мамлакат биринчи хоними Эмине Эрдўғон шафелигида 21-27-май кунлари давом этган Турк ошхоналари ҳафталиги доирасида ташкил этилди.
Биринчи хоним Эмине Эрдўғон, Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси директори Фахриддин Алтун, Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, элчилар ҳамда гастрономия соҳасидаги профессор-ўқитувчилар иштирок этган кўргазмада Эгей денгизидан Шарқий Онадўлига қадар, Қора денгиздан Марказий Онадўлигача – мамлакатнинг етти ҳудудига хос пазандалик анъаналари намойиш қилинди.
Туркия президентининг рафиқаси Эмине Эрдўғон турк пазандалик анъаналари аждодлардан мерос бўлиб қолган кўп асрлик урф-одатлар билан Онадўли салжуқийлари ва Усмонлиларнинг бой императорлик анъаналарини қориштириш натижасида дунёга келганини қайд этди.
«Турк ошхонаси бу – меҳнат ва сабр-тоқат бирлашганда юзага келадиган мўъжизадир. Бу – ер ҳайдайдиган, уруғ сепадиган, кўчат ўтқазадиган, ҳосил йиғиб-териб оладиган, хамир қорувчи ва ёювчи каби турли моҳир қўлларнинг умумий меҳнати маҳсули... Асрлар давомида мустаҳкамланган цивилизация ғояси турк ошхонаси пештахталарида қайта ишланиб, миллий ўзлигимизни шакллантирди. Вужудимиз каби қалбларимизни бирлаштирган дастурхонимиз ҳамжиҳатлик ва баҳам кўриш руҳини кучайтирди. Туғилишдан ўлимгача, қувончдан қайғуга қадар – бизнинг кўплаб қадрли хотираларимиз дастурхонимизнинг хилма-хиллиги ва бирлаштирувчи кучи билан боғланган», – деди Эмине Эрдўғон.
Қайд этилишича, турк ошхонаси дунёнинг машҳур ошхоналари қаторида турса-да, лекин жаҳонга кам таом рецепти маълум.
«Маданий бойликни асраб-авайлаш орқали ошхонамизни дунёга муносиб тарзда танитиш ва келажак авлодга қолдириш мақсади 2021 йилда бизни қадрли академиклар ва уста ошпазлар билан бирлаштирди. «Турк ошхонасининг кўп асрлик рецептлари» китобини нашр этиш орқали биз нафақат ошпазлик маданиятимизни таништирдик, балки халқимиз ва бутун инсоният фойдаланиши учун чиқиндисиз ва барқарор рецептларимизни тақдим қилдик», – деди нотиқ.
Туркия биринчи хоними озиқ-овқатлар табиийлигини йўқотиб, заҳарли бўлиб қолаётгани, микропластмассалар ҳатто она сутида ҳам борлиги, тоза озиқ-овқатга эга бўлиш ҳуқуқи бугунги кунда янада муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. У, шунингдек, турк маҳаллий ошхоналарининг асл рецептларини глобаллашув натижасида вужудга келган маданий беқарор иқлимдан ҳимоя қилиш заруратига ҳам тўхталди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter