Элчи АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати моҳиятига ойдинлик киритди
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар ҳеч қачон ҳозиргидек юқори даражада бўлмаган ва ушбу робиталар кун сайин мустаҳкамланмоқда, дейди Қўшма Штатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник Тошкентда 25 сентябрь куни ўтказилган инсон ҳуқуқлари ҳисоботлари тақдимотида.
Дипломат Вашингтоннинг Тошкентга нисбатан юритаётган сиёсати нимага қаратилганига ойдинлик киритди.
«Қўшма Штатлар ҳукумати ва Ўзбекистондаги элчихонамиз сиёсати жуда оддий: бизнинг сиёсатимиз президент Шавкат Мирзиёевнинг янада хавфсиз, янада фаровон ва янада демократик Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида Ўзбекистонда олиб бораётган ислоҳотлар дастури ва қарашларини қўллаб-қувватлашдан иборатдир», – деди Ж.Ҳеник.
АҚШ элчисининг 19 сентябрь куни Тошкентда маҳаллий журналистлар билан учрашуви айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турлича талқин этилган эди. Жонатан Ҳеник ўз чиқишида бунга ҳам муносабат билдирди.
Дипломатга кўра, ОАВ билан шаффоф ва очиқ тарзда мулоқот нормал ҳолат ҳисобланади, нормал воқеликка салбий тус бериш эса ўша талқин эгаларининг ўзи шундай мотивларга эга эканига ишора этади.
Элчи АҚШ томонидан дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича тайёрланадиган йиллик ҳисоботлар масаласига ҳам тўхталди.
«Ҳисоботларни тайёрлашимиз боиси шуки, бу бутун дунё бўйлаб ташқи сиёсатимизнинг ажралмас қисми саналади. Гап шундаки, биз Конгресс қонунчилигига мувофиқ бу ҳисоботларни тайёрлашимиз лозим. Яъни Давлат департаментига ҳар йили шундай ҳисоботларни тайёрлаш вазифаси юкланган», – деди дипломат.
Ж.Ҳеник ҳисоботларни тайёрлашда хорижий давлатлар ташқи сиёсат маҳкамалари, жумладан, Ўзбекистон ТИВ билан мулоқот муҳим аҳамият касб этишини айтган.
Таъкидланишича, Вашингтон томонидан дунё мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари ҳолатига доир ҳисоботлар эълон қилиниши Қўшма Штатлар жаҳонда инсон ҳуқуқлари бўйича энг пешқадам давлат, бу борада нуқсонлардан холи деган қарашни ифодаламайди.
Ҳисоботлар ҳозирланиши Конгресс талаби ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият экани изоҳланади.
Ўз ватанида ҳам инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини эътироф этган элчи ҳар қандай давлат АҚШдаги бу каби муаммоларни асосли равишда танқид қилишга ҳақли эканини қайд этган.
Тадбир доирасида инсон ҳуқуқлари умумий ҳолатига доир, шунингдек, диний эркинликлар, одам савдоси ва болалар меҳнати масалаларига оид ҳисоботлар тақдим этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter