Экология учун. «Porsche» компанияси дизелда юрадиган автомобилларни ишлаб чиқаришни тўхтатди
«Porsche» компанияси дизелда юрувчи «Macan S Diesel» ва «Panamera 4S Diesel» моделларини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Компания электрокар ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқаришга ўтмоқда, деб хабар берди «NV.ua».
Нашрнинг таъкидлашича, компания 2015 йилдан буён Шимолий Америкада турбодизел двигателида ҳаракатланувчи бирорта ҳам транспорт сотмаган. Ўша вақтда компания «Macan» моделини АҚШда сотишдан бош тортган, эндиликда эса мазкур кроссовер Европада ҳам сотилмайди. Компания уни модификация қилиш ўрнига ишлаб чиқаришдан олиб ташлашни маъқул кўрди.
«Porsche»нинг дизелда юрувчи биринчи серияли кроссовери «Cayenne» 2002 йилдан буён ишлаб чиқарилади. Шундан сўнг дизелли двигателлар бошқа маркадаги моделларда ҳам пайдо бўлган. Бироқ «Cayenne» йўлтанламаси авлод алмашса ҳам «оғир ёқилғи»да ҳаракатланувчи агрегатга ўтказилмаган. Бу каби қарор талабнинг ўзгариши ва ташқарига чиқариладиган зарарли газлар нормасининг кучайтирилгани сабабли қабул қилинган.
«Porsche» вакилларининг таъкидлашича, компания ички ёнув двигателидан воз кечмаган. Шунга қарамай «Porsche» кўплаб моделлар қаторини электрификация қилиш учун ажратилган маблағларни икки баробар оширган.
«Келажакда электромобиллар жуда муҳим аҳамият касб эта бошлайди, жумладан «Porsche» ва бошқа автомобилсозлар учун ҳам. Фикримизча, 2025 йилга бориб «Porsche» автомобилларининг тўртдан бир қисми электрокарга айланади», — дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter