Экология соҳасида Географик ахборот тизими маркази иш бошлади (фото)
Бугун Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институтида Географик ахборот тизими маркази очилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP) Марказий Осиё бўйича субминтақавий идораси раҳбари Айдай Курманова иштирок этди.
«Марказнинг очилиши эндиликда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида илмий-амалий тадқиқотларни тизимли равишда ташкил этиш имкониятини янада кенгайтиради. Қолаверса, марказ технологиялари орқали табиий ресурслардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, теварак-атроф табиий муҳитини муҳофаза қилиш соҳасида ахборотлар билан таъминлаш мумкин бўлади», — деди Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов.
Тадбирда Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институтининг Яшил ўсиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Сайиджаҳон Ҳасанов «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Лойиҳа доирасида экилаётган кўчатлар мониторингини олиб бориш ҳамда илмий тадқиқот натижаларига асосан қўмита томонидан тавсиялар ишлаб чиқилишини алоҳида урғулади.
Ушбу марказ БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP)нинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий идораси ҳамда Россия Фанлар академияси География институтининг кўмагида ташкил этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter