ЕИ Марказий Осиёга кўмак беради
Европа Иттифоқи сув манбалари, энергетика ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасида Марказий Осиё минтақасига кўмак беришга тайёр. Бу ҳақда 13 июнь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган сиёсат ва хавфсизлик бўйича «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» юқори даражадаги мулоқотининг ўнинчи, юбилей мажлисида сўз борди.
Учрашувда Евроиттифоқ Россиянинг Украинага босқини ва Афғонистондаги салбий ҳолатлардан азият чекаётган минтақага ёрдам борасида ҳам собит экани таъкидланган.
Музокарада Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, Туркманистон элчиси ҳамда Европа ташқи алоқалар хизмати бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Энрике Мора қатнашди.
Юқори мартабали дипломатлар терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик моддалари тарқалишига қарши кураш, шунингдек, чегара масалалари юзасидан фикрлашган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил май ойида Олмаота шаҳрида ЕИ–Марказий Осиё иккинчи иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
2 июнь куни эса Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Остонада музокарасида ушбу икки муҳим тадбирда белгиланган вазифалар ижроси ва навбатдаги вазирлар учрашувига ҳозирлик ҳолати ҳам кўриб чиқилган.
Маълумотларга қараганда, сўнгги 10 йилда ЕИ Марказий Осиёга 105 миллиард евро сармоя киритган. 2022 йилда икки минтақа ўртасидаги савдо айланмаси 49 миллиард доллардан ошган.
Сиёсат ва хавфсизлик бўйича «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» юқори даражадаги мулоқоти илк бор 2013 йилда Брюсселда ўтказилган. Мунтазамлик касб этган галдаги мулоқот 2024 йилда ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter