Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ 5 та ҳолатда ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ жиноятларни фош қилди

ДХХ 5 та ҳолатда ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ жиноятларни фош қилди

Қувасой шаҳридаги махсус мактаб-интернати ходими муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган, Фарғона давлат университети талабаси билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқарони мазкур олий таълим муассасасининг «Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иши» йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3400 АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, махсус мактаб-интернати ходими сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бувайда туманида кузатилган ҳолатда эса умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, Риштон туманида яшовчи фуқаронинг Қирғиз Республикаси олий ўқув юртидаги ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчириб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ўзбекистон Миллий университети талабаси мансабдор танишлари орқали, Нурафшон шаҳрида яшовчи фуқарони Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 7500 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 4000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Бухоро инновациялар университети ходими маҳаллий фуқарони алдов йўли билан ишончига кириб, уни Қирғиз Республикасидаги олий ўқув юртида ўқиётганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, гўёки кўчириш йўли билан Бухоро шаҳридаги Осиё халқаро университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 26 млн. сўм талаб қилади ва олдиндан 500 АҚШ доллари ва 14 млн. 400 минг сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди. Унда, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, танишлари ёрдамида уни Гулистон давлат университетининг «Ижтимоий-иқтисодий» факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг