Дунёдаги энг хунук аёлнинг аянчли қисмати
Агар Мэри Энн Вебстер ҳаётини буткул ўзгартириб юборган ҳодиса юз бермаганида у ҳақда ҳеч ким, ҳеч нима эшитмаган бўларди. Унинг суратига кўзи тушган одам борки, ҳис-туйғуларини яширолмаслиги аниқ: шунчалик ҳам бадбашара аёл бўладими?! У ўзининг нуқсонларини, ташқи кўриниши жиддий касаллик асорати эканлигини яхши билган.
«Экспресс-Новости» ахборот агентлигининг маълум қилишича, Мэри Энн лондонлик оддий оилада дунёга келган. Ундан ташқари ота-онаси яна етти нафар болани тарбия қилишган. Оила ниҳоятда ночор кун кечирган. Қизалоқнинг ўзи ҳеч қачон ишдан бўйин товламаган, доимо ота-онасига ёрдам беришга ҳаракат қилган. У чиройли ва ёқимтой қиз бўлган. Инглиз хоними узоқ вақт ҳамшира лавозимида ишлаб, бўлғуси турмуш ўртоғини учратгач ўзини оиласи ва фарзандларига бағишлашга қарор қилган. Томас Бивэн билан никоҳдан тўрт бола дунёга келган.
Ҳаммаси бинойидек. Фақат кутилмаганда Мэрининг ташқи кўриниши ўзгара бошлайди. У анча пайтгача гап нимада эканини тушунолмаган. Кўп ўтмай унга даҳшатли акромегалия ташхисини қўйишади. Одатда бу дардга чалинган одам оёқ кафти ва юз суяклари йириклашишидан қийналади. Бу хасталик аёлнинг ҳаётига жуда кўп азоб-уқубатларни олиб келади. Унинг юзи кундан-кунга катталашиб борар, устига-устак, тинимсиз бош оғриғидан азоб чекарди.
Бироқ энг ёмони, у ҳар куни атрофидаги одамларнинг масхара қилиб, шафқатсизларча хўрлашларига тоқат қилишига тўғри келарди. Кўпчилик ҳатто Мэри Энн бошқаларга ўхшамаслигини, унинг жойи циркда эканига пичинг қиларди. Турмуш ўртоғининг тўсатдан вафот этиши вазиятни баттар чуқурлаштирди. Энди Мэри Энн фақат ўзига суянишдан бошқа иложи қолмаганди.
Болаларини боқиш учун аёл ишга чиқишга мажбур бўлади. Бироқ озгина пул топиш учун унинг қанчалик таҳқирланганини кўпчилик билмайди. Мэри Энн ўзининг ғайритабиий ташқи кўриниши эвазига пул ишлаб топа бошлайди.
Дастлаб у «Энг рўзғорбоп аёл» танловида иштирок этади. Бироқ бу ерда у муваффақиятсизликка учрайди. Сўнгра у ноиложликдан дунёдаги энг хунук аёл танловида иштирок этишга жазм қилади. Чунки Мэри ўзининг мукаммал эмаслиги эвазига пул ишлаб топиши мумкинлигини тушуниб етади. У фарзандларининг қорнини тўйғазиш учун ҳар куни одамлар масхаралашига чидашга мажбур эди. Мэри омма олдида айнан дунёдаги энг бадбашара аёл қиёфасида чиқиш қиларди. У дунёнинг кўпгина мамлакатларига гастрол сафарларига ҳам боради, ўзининг ташқи кўриниши билан бутун дунёни «забт этади». Аёлнинг омма олдига чиқиши ҳақиқий хурсандчилик ва шов-шувга сабаб бўларди. Лекин фарзандларидан олисда яшашга аёлнинг юраги дош беролмайди: шу боис Мэри ватанига қайтиб келади. Аёл 59 ёшида вафот этган. Ўша пайтларда кўпгина газеталар унинг ўлимига «синган юрак» сабаб бўлганини ёзишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter