Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг бой мамлакатлардан бирининг қулаши...

Дунёдаги энг бой мамлакатлардан бирининг қулаши...

Фото: «Zen.yandex.ru»

Бир вақтлар Аргентина дунёнинг энг бой давлатларидан бири эди. Шу қадар қудратли эдики, ҳатто «аргентиналик каби бой» ибораси ҳам пайдо бўлган эди. Бироқ ўшандан бери давлатда саккиз бора банкротлик содир бўлди. Хўш, бу қулаш қай тарзда содир бўлди?

19-аср охирида иқтисодчилар Аргентинанинг ажойиб келажагини башорат қилишар эди ва «аргентиналик каби бой» ибораси жозибали сўзга айланди. Аммо энг бадавлат элита клубидан бўлган Аргентина мисли кўрилмаган иқтисодий чуқурликка тушди.

Аргентина воҳаси 20-асрнинг ўрталарига келиб, таназзулни ҳатто тасаввур қила олмас эди: жаҳон урушлари бутун дунё бўйлаб авж олиб бораётган, инқирозлар тобора кучаётган бир пайтда, Аргентинанинг юқори табақаси дабдабали ҳаёт кечирар эди.

Ҳашаматли коттежлар ва йирик фабрикалар қурилиши давом этарди, энг сўнгги мода тенденцияларидан ортда колмаган ҳолда аргентиналик бойлар отда бамайлихотир сайр қилар, ёзни эса Парижда ўтказишарди. Аргентина иқтисодиёти йилига 5 фоизга ўсиб борар, мамлакат киши бошига тўғри келадиган даромадлар бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эришар, унинг табиий ресурслари чексиз кўринади. Иқтисодиёт учун қўшимча восита сифатида Аргентина Европага гўшт, дон экинлари ва тери сотади.

Иккинчи жаҳон уруши охирида песо доллар ва фунт билан бир қаторда энг барқарор валюта эди. Аргентина минтақадаги энг бой ва энг нуфузли давлат, Бразилиядан анча олдинда борарди. Бу давлат чет эллик иш изловчилар, айниқса, италияликлар ва испанлар учун оҳанрабога айланиб бораётгани ажабланарли эмас. Аргентинада киши бошига Францияга қараганда кўпроқ автомобиллар, Японияга қараганда кўпроқ телефон алоқалари мавжуд ва фақат 1950-йилларда ўртача даромад Германияникидан сезиларли даражада юқори эди.

Инқирознинг бошланиши

Аммо жозибали жабҳалар орқасида, қулаш аллақачон бошланган эди. Ва у 1946 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонган сиёсатчи – Хуан Доминго Перон билан боғлиқ эди. Собиқ генерал капитализм ва социализмдан фарқли янги йўлни ваъда қилади, лекин аслида келажакдаги азоб-уқубатларга пойдевор қўяди.

Пероннинг барча ўринбосарлари амал қиладиган асосий тамойили: топганингиздан кўра кўпроқ сарфланг. Ва агар бунинг иложи бўлмаса, қарз олинг, пул чоп этинг ва, ниҳоят, инфляциянинг кучайишига йўл қўйинг. 1949 йилга келиб давлат харажатлари 3 баравар, 1955 йилга келиб эса давлат хизматчилари сони икки баравар кўпайди.

Унинг рафиқаси Эвита, «камбағаллар фариштаси» мол гўшти ва дон сотишдан тушган маблағни тарқатади. Аммо коррупция доимий равишда жамиятда сақланиб қолди. Унинг шиори «Биринчи навбатда Аргентина» эди.

Бу даврда маҳаллий саноат божхона тўсиқлари билан ташқи рақобатчилардан ҳимояланади, юқори иш ҳақи ва ижтимоий нафақалар тўланади, электр тармоқлари ва телефон тармоғига инвестициялар киритилади, кўплаб самарасиз давлат корхоналари ташкил этилади. Перон Британия темир йўлларини ҳам сотиб олишга қарор қилди. 150 миллион фунт стерлинг қиммат металлолом ва вайрон қилинган 43 минг км темир йўл тармоғига совурилади. Афсусланарли томони, мамлакатни биринчи оғир иқтисодий инқирозга олиб келган қарор миллий ғалаба сифатида нишонланади.

1976-1983 йиллардаги ҳарбий диктатура даврида мамлакатнинг ташқи қарзи рекорд даражага етди, жумладан, бунга, 1982 йилда Аргентина ютқазган ва хунтанинг қулашига олиб келган Фолькленд уруши сабаб бўлди. Гиперинфляция Аргентинада янги сеҳрли сўзга айланди ва президент Рауль Альфонсин ўз лавозимини тарк этди.

Ундан кейинги даврда хусусийлаштириш тўлқини бошланади, ундан тушган катта маблағлар номаълум йўналишда яширилади. Гиперинфляция валюта кенгаши билан алмаштирилди – песо АҚШ долларига боғланган ва 1:1 савдо қилади. Мўъжизавий тарзда аргентиналикларда қўлида доллар пайдо бўла бошлади, улар Маямида дам олишдан завқланишар, Германияда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумли машиналарни сотиб олишар эди.

Президент Менем ижтимоий харажатларни қисқартиради ва темир йўлларни қайта хусусийлаштиради. 1992-1999 йилларда давлат харажатлари 50 фоизга ошди ва 2001 йилда қарз 160 миллиард долларга етди ва бу давлат банкротлигига олиб келди. Ўшандан бери Аргентина ҳеч қачон ўзига келмади.

Инвесторлар мамлакатни тарк этди, давлатни ўзидан олдингилар қилган ишларнинг аксини қиладиган президентлар бошқарди ва давлатни даромад манбаи, деб ҳисоблайдиган амалдорлар ялло қилиб яшади. Ва улар ҳақиқатдан ҳам гуллаб-яшнаши учун зарур бўлган ҳамма нарсага эга мамлакатни барбод этдилар.

Аргентина 2020 йил 23 май, шанбага ўтар кечаси уч турдаги давлат облигацияларининг 500 миллион долларга яқин фоизларни тўлаш муддати тугаганидан кейин техник дефолт ҳолатида эди. Бу Аргентина тарихидаги тўққизинчи дефолтдир.

Иқтисодиёт вазирлиги 21 майдан 2 июнга қадар мамлакатнинг 66 миллиард доллар миқдоридаги ташқи қарзини реструктуризация қилиш бўйича таклифнинг амал қилиш муддатини узайтирди. Бошқа нарсалар қаторида, таклиф тўловларнинг учдан икки қисмини ҳисобдан чиқариш ва уч йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олди, кредиторлар эса фақат бир йиллик мораторийга рози бўлишди.

Жанубий Американинг ушбу мамлакати ҳукумати кредиторлар билан музокараларни давом эттирмоқда, дейди Иқтисодиёт вазири Мартин Гузман. Унинг сўзларига кўра, «столда ўтирган барча томонлар вазиятни ўзаро манфаатли асосда ҳал қилмоқчи».

Гусман пандемия даврида республика давлат бюджети даромадларининг 20 фоизини давлат облигациялари бўйича тўловларига юбора олмаслигини таъкидлади.

Мафтуна Аъзамжонова,

халқаро журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг