Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Дори-дармон омборининг ҳам, озиқ-овқат омборининг ҳам калити бор»

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Дори-дармон омборининг ҳам, озиқ-овқат омборининг ҳам калити бор»

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқиши давомида озиқ-овқат захираси ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири хабар қилди.

— Вилоятимизда озиқ-овқат хавфсизлигини ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бирорта ҳам тадбиркорни мажбурлаб, нархини арзон қиласан, деб олиб келмаяпмиз.

Ўтказилган ҳисоб-китобларда аниқланишича, битта тухумнинг таннархи 750 сўмдан 805 сўмгача тушаркан. Аммо баъзи жойларда 1300 сўмдан сотилди. Биз тадбиркорга шунча имконият яратиб бермоқдамиз, нима учун у маҳсулотини асоссиз равишда қиммат сотиши керак?

Вилоятда тухум ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган ва ички эҳтиёждан ошиб, бошқа ҳудудларга сотишга ҳам етади. Бизга 20 мингтасини етказиб беряпти холос, қолган 60 мингтасини истаган жойига сотяпти.

Вилоятда балиқ захирасини яратиш борасида тегишлича иш олиб борилган. Натижада ҳозирда бир килограмм сазан балиғини 20 минг сўмдан сотишмоқда. Марҳамат, эртагаёқ Андижон шаҳридаги исталган бозордан шу нархда сотиб олишингиз мумкин.

Биз одамларимизга қулай бўлиши учун арзон нархларда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳолат бир ёки икки кун эмас, балки май ойигача давом этади.

Вилоятда шундай тадбиркорлар борки, бир ўзи 7 минг тонна парранда гўшти етиштиради. Ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра бир килограмм парранда гўштининг таннархи 14 500 сўмдан то 15 500 сўмгача етиши аниқланди. Шундан келиб чиқиб бозорда сотилишини 16 000 сўм этиб тайинладик. Андижоннинг бир кунлик эҳтиёжи 18 тоннадан иборат. Ҳозирда 300 тонна захирамиз бор.

Бироз вақт олдин гўшт тақчиллигини йўқотиш учун четдан кириб келадиган парранда гўштига ҚҚСни олиб ташлаш таклиф этилган эди. Биз бунга мутлақо қаршимиз. Чунки импорт парранда гўштига ҚҚС бекор қилинса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар синади. Бунга йўл қўймаслигимиз лозим.

Андижон вилояти ички эҳтиёждан ошиқча бўлган товуқ гўшти ва тухумни Тошкентга жўнатишга тайёр. Керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан пойтахт аҳлини йил давомида таъминлаш имкониятига эгамиз.

Андижонда 232 та озиқ-овқат дўкони бор. Тадбиркорга тазйиқ ўтказиш ниятимиз йўқ, аммо улар қиммат нархга тухум ва бошқа маҳсулотларни қаердан олганини суриштиряпмиз. Солиқ бошқармаси орқали барча дўконлар билан иш олиб бордик ва керакли озиқ-овқат маҳсулотларини биринчи қўлдан, етиштириб берувчидан олишни мувофиқлаштирдик. Энди нархлар назорат остида бўлади. Халқимизни биринчи даражали озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб қўйишимиз керак.

Андижонда 76 минг гектар ерда ғалла бор эди, шундан 67,5 минг гектарига такрорий экин экдик. Афсуски сув танқислиги юзага келгани сабабли қолган 8,5 минг гектар ердан фойдаланиш имкони бўлмади.

Вилоятнинг ҳар бир тумани қайсидир озиқ-овқат маҳсулотини етиштиришга ихтисослашган — Қўрғонтепа тумани картошка, Марҳамат кунгабоқар, Балиқчи помидор, Улуғнор қовун тарвуз, Бўстон тумани эса сабзи етиштиришга ихтисослашган.

Жорий йилда озиқ-овқат захираси учун алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, вилоят бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилди. Бунақаси биринчи марта бўляпти. Шу вақтга қадар бирор марта бюджетдан пул ажратилмаган. Захира ташкил этиш вақти келганда тадбиркорга кредит ажратилар эди ва улар озиқ-овқатни ғамлаб қўйишарди. Президентимиз топшириғи билан бу йил алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят аҳолисининг талабини қондириш учун 3 минг тонна картошка жамғариб қўйилади. Ҳозирда ҳокимлик томонидан Қирғизистондан 3250 сўмдан картошка олиб келиняпти. Захирани сақлаш учун махсус совуткичли омборлар шай ҳолатга келтирилган. Омборларнинг электр энергияси ва хизмат ҳақи учун ҳаражат картошка нархи устига қўйилади ва нари борса 200 сўм устамаси билан савдога чиқарилади.

Бундан ташқари, хориждан картошка олиб келадиган тадбиркорларга 3,5 миллиард сўм субсидия берилмоқда. Бу орқали тақчилликнинг олдини олиш кўзда тутилган. Импорт қилинган картошкани омборларга жойлаб, калитини олиб қўямиз. Тақчиллик юзага келган тақдирда захирадаги маҳсулот савдога чиқарилади.

Пандемия вақтида биз биринчилардан бўлиб, дори-дармон захирасини ташкил этиб, омборга жойлаган эдик. Мен ўшанда ҳам калитни ҳаммага кўрсатган эдим. Баъзилар калит кичкиналигидан ҳайрон қолганди. Нима, дори-дармон учун қулф-калит отнинг калласидек бўлсинми?

Пиёзга келадиган бўлсак, бугунги кунга келиб 165 минг тонна ҳосил олинган. Аслида режага кўра 171 минг тонна пиёз олиниши керак эди. Ички имкониятлар эвазига вилоятни бемалол таъминлай оламиз ва эҳтиёжимиздан ортиқча 100 минг тонна пиёзни бошқа ҳудудларга етказиб беришимиз ҳам мумкин.

Мол ва қўй гўштига келадиган бўлсак, тан олиш керак, Андижонда бу борада етишмовчилик мавжуд. Афсуски биз ички имкониятлар эвазига аҳолимизни гўшт билан таъминлай олмаймиз ва четдан олиб келишга мажбурмиз. Чунки еримиз кам ва чорвага етарлича йўналтира олмаймиз. Президентимизга раҳмат, эҳтиёжни қоплаш учун Қорақалпоғистонда чорвачиликни йўлга қўйишга имконият яратиб берди. Ҳозирги кунда 36 нафар фермеримиз Қорақалпоғистондан ер олиб, чорвачилик фаолиятини юритмоқда. Улар етиштирадиган гўшт маҳсулотлари эса Андижонга келтирилади.

Жорий йилда 95 минг тонна гўшт етиштириш режалаштирилган эди, аммо фақат 76 фоиз бажардик. Энди бу масалани қандай ҳал қиламиз? Фақат янги лойиҳалар билан натижага эришиш мумкин. Шу йилнинг ўзида Андижонда бир қатор янги чорвачилик лойиҳалари йўлга қўйилиши кутиляпти. Натижада яна 1000 тонна гўшт етиштириш имкони пайдо бўлади. Хусусан, 2 миллиард сўмга Қирғизистондан чорва олиб келиняпти.

Бугунги кунда Андижондаги бозорларда бир килограмм гўшт 46 минг сўмдан 50 минг сўмгача сотилмоқда ва нархни ушлаб туриш учун етарлича захира бор. Агар бирор муаммо бўлса, ҳокимликка мурожаат қилишингиз мумкин, биз жавоб беришга тайёрмиз.

Гўшт етиштириш учун 358 нафар фермерга ҳамма шароитни яратиб берганмиз. Шундай экан, бирор муаммо бўлиши мумкин эмас. Албатта бу масалада етишмовчилик бор, аммо уни ҳал қилиш учун имкониятлар ҳам етарли.

Ҳамма нарса ҳисоб-китоб қилинган. Қаердан нима олишни ўйлаб қўйганмиз. Албатта беайб Парвардигор, бирор жойда камчилигимиз бўлса бордир. Аммо айтганларидек, «иллат излаганга иллатдир дунё». Мен ҳар қандай муаммони ҳал қилиш учун тиш-тирноғим билан ишлашга тайёрман.

Шу ўринда коронавирус пандемияси ҳақида бир оғиз айтиб ўтмоқчиман. Худога шукр, пандемия бошлангандан бери бирор андижонлик дори-дармон етишмовчилигидан нолимади, — дея таъкидлаб ўтди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг